“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати давлат хизматида банд бўлган фуқароларнинг иш вақтига қанчалик риоя этилишини таҳлил қилиш мақсадида аноним сўров ўтказди.
Сўровномада жами 560 нафар давлат хизматчилари иштирок этиб, респондентларнинг 21,4 фоизи вазирлик ва идоралар, 27 фоизи маҳаллий ҳокимият органлари, 12,1 фоизи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва 39,5 фоизи бошқа давлат ташкилотларида ишловчи ходимларни ташкил этди.
Респондентларининг 376 нафари (67,6 фоиз) эркаклар ва 180 нафари (32,4 фоиз) аёллар бўлган. Сўровномада 385 нафар (69,2 фоиз) оддий мутахассис ходимлар, 172 нафар (30,8 фоиз) раҳбар ходимлар иштирок этди.
Ўрганиш натижалари
Ўрганиш давомида маълум бўлишича, респондентларнинг ярмидан кўпи, яъни 57,3 фоизи иш вақтидан ташқари ишга жалб этилади.
36,8 фоизи ҳар куни қўшимча 1-2 соат;
13,9 фоизи ҳар куни кечки соат 22:00 га қадар;
6,4 фоизи кечки соат 24:00 га қадар ишлашини билдирган.
Сўровномада 42,3 фоиз иштирокчилар Меҳнат қонунчилигига мос равишда ҳар куни белгиланган 8 соат ишлашини маълум қилган.
Меҳнат кодексининг 262-моддасида ходимга иш вақтидан ташқари иш учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланиши белгилаб қўйилган. Маълум бўлишича, қўшимча ишлайдиганларнинг 13,3 фоизи иш берувчилар томонидан қўшимча иш учун камида икки баравар ҳақ тўлаб берилишини қайд этди. Улар асосан давлат бошқарув органларининг марказий идоралари вакилларига тўғри келади.
Сўровнома иштирокчиларидан иш вақтидан ташқари қўшимча ишлайдиганларнинг 81,7 фоизига қўшимча ишлаган вақти учун иш берувчи томонидан қўшимча ҳақ тўлаб берилмайди.
Давлат хизмати ходимларининг иш вақтидан ташқари ишлашига нима сабаб бўлмоқда?
Иш вақтидан ташқари қўшимча ишловчиларнинг 47,7 фоизи бунга иш ҳажмининг ортиб кетгани, 22,8 фоизи турли хилдаги ортиқча топшириқларнинг ҳаддан зиёд кўплиги, 17,6 фоизи ўз вазифасидан ташқари ишларнинг юклатилиши ва мажлис ва йиғилишларнинг чўзилиб кетиши туфайли, 12 фоизи раҳбари кетмагунча иш жойидан кетмаслигини билдирган.
Ортиқча “мажлисбозлик”лар ҳам омиллардан бири
Шу ўринда, давлат хизматида қўшимча ишланишининг сабабларидан бири мажлис ва йиғилишларнинг кўплиги ҳамда мажлислар вақти чўзилиб кетиши омили алоҳида ўрганилган. Унга кўра, респондентларнинг 31,6 фоизи йиғилишларда иштирок этмайди, 41,3 фоизи бир ҳафтада 4 соатгача, 11,4 фоизи 5-7 соат, 15,8 фоизи 8 соатдан кўп вақтини мажлис ва йиғилишларга сарфлайди. Тадқиқотга кўра, ортиқча “мажлисбозлик” Бухоро, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида кузатилади.
Ўзбекистонда давлат фуқаролик хизмати ходимлари асосан 5 кунлик иш ҳафтасида меҳнат қилади. Лекин шунга қарамасдан баъзида ҳафтанинг дам олиш кунлари (шанба ва якшанба) ходимларнинг иш жойида бўлиши, шунингдек, дам олинадиган байрам кунлари ҳам ишга чақириш ҳолатлари ҳам мавжуд.
Бу борада сўровнома иштирокчиларининг 35,2 фоизи дам олиш кунлари ҳам ишга чиқиши, 29,5 фоизи баъзида ишга чиқиши ва 35,3 фоизи дам олиш кунларида ишга чиқмаслиги маълум бўлди.
Сўровнома иштирокчиларининг 299 нафари (53,4 фоизи) белгиланган муддатларда меҳнат таътилига чиқиб, тўлиқ дам олишини маълум қилган. Бироқ 26,2 фоиз респондентлар меҳнат таътилига тўлиқ чиқа олмаслиги, таътилдан чақириб олишлари ва 20,4 фоизи таътилга чиқиш ҳужжатлари расмийлаштирилиши, аммо умуман дам олмасдан ишлашини маълум қилган.
“Юқоридаги рақамлар бутун мамлакат ҳудудидаги ҳолатни тўлиқ акс эттиришга етарли бўлмаса-да, давлат хизматида меҳнат қонунчилигига риоя этмаслик ҳолатлари мавжудлигини тасдиқлайди”, — дейилади “Юксалиш” хабарида.