46 ёшли эркак чақмоқ уриши оқибатида ҳалок бўлди

Қозоғистоннинг Қарағанда вилоятида 46 ёшли эркак чақмоқ уриши оқибатида ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Tengrinews.kz” нашри хабар берди.

Қайд этилишича, мазкур бахтсиз ҳодиса кеча, 10 август куни содир бўлган. Эркакнинг жасади вилоят ҳудудидаги жамоат транспорти бекатидан топилган. Вилоят полиция бошқармаси ўлим айнан чақмоқ уриши билан боғлиқлигини тасдиқламаган ва суд-тиббиёт экспертизаси бунга аниқлик киритишини маълум қилган.

“Жасад топилгани рост. Эркакнинг шахси аниқланган. У 1977 йилда туғилган. Айни пайтда милиция ходимлари унинг ўлими сабабларини ўрганмоқда. Тафсилотларни кейинроқ маълум қиламиз”, дейди вилоят полиция департаменти матбуот хизмати.

Маълумотларга кўра, шу кунларда Қозоғистоннинг Қарағанда вилоятидаги туманларда кўп ёмғир ёғиши оқибатида бир неча кўчаларни сув босган. Ёмғир билан биргаликда кучли шамол, момақалдироқ ва чақмоқ кузатилган.