Иқтисодиёт ва молия вазирлиги “Фуқаролар учун бюджет” нашрининг 2022 йилдаги ижроси маълумотларини эълон қилди. Унда бир қатор иқтисодий кўрсаткичлар, хусусан, Ўзбекистоннинг ўтган йилги бюджет тақчиллиги ва уни қоплаш манбалари маълум қилинган.
2022 йилда консолидациялашган бюджет даромадлари 286 триллион 504 миллиард сўмни, харажатлар эса 321 триллион 733 миллиард сўмни ташкил этган. Бюджет дефицити -35,2 триллион 229 миллиард сўм бўлиб, ялпи ички маҳсулотнинг 4 фоизига етган.
“Тақчилликнинг ўтган йил бошида режалаштирилган (25,5 триллион сўм ёки ЯИМнинг 3 фоизи) миқдорлардан ошиши асосан ижтимоий соҳа, иқтисодиёт ва аҳолини қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий ва ишлаб-чиқариш инфратузилмасига инвестиция харажатларининг ошиши билан изоҳланади”, — дейилади манба маълумотида.
Вазирликнинг маълум қилишича, консолидациялашган бюджет тақчиллигини (-35,2 триллион сўм) қоплаш учун қуйидаги манбалар йўналтирилди:
халқаро молия институтларининг қарз маблағлари ва еврооблигациялар чиқариш ҳисобидан — 16,7 триллион сўм;
давлат дастурлари ижроси учун жалб қилинган қарз маблағлари — 5,7 триллион сўм;
йил бошига қолдиқ маблағлари ҳисобидан — 1,9 триллион сўм;
давлат активларини хусусийлаштириш ҳисобидан тушумлар – 45 триллион сўм;
давлат ғазна облигацияларини чиқариш ҳисобидан – 6,4 триллион сўм.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон давлат қарзи 2022 йилда 29,2 млрд долларни ташкил этиб, ялпи ички маҳсулотга нисбатан 36,4 фоизга етган. Бу мамлакат давлат қарзининг шу пайтга қадар энг юқори кўрсаткичи ҳисобланади.
Маълумот учун, 2023 йилда Ўзбекистон номидан ва республика кафолати остида ташқи қарзни жалб қилиш бўйича йиллик имзоланадиган янги битимларнинг чекланган ҳажми 4,5 миллиард АҚШ доллари этиб белгиланган. Шундан давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш учун 2 миллиард доллар, инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришга 2,5 миллиард доллар йўналтириш режалаштирилган. “Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунга асосан, жорий йилда 19,2 триллион сўм маблағлар давлат қарзининг асосий қисмини тўлашга сарфланади