Вазирлар Маҳкамасининг “Иқлим ўзгариши ва табиий офатлар хавфига нисбатан миллий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш ҳамда самарали амалга оширишни ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжатда қайд этилишича, Ўзбекистон аҳолисининг қарийб 70 фоизи сейсмик фаол зоналарда истиқомат қилади. Кўплаб бинолар, айниқса, якка тартибдаги уйлар қурилиш норма ва қоидаларини ҳисобга олмаган ҳолда қурилганлиги сабабли уй-жой қурилиш объектларининг 70 фоизи сейсмик барқарор эмас.
Республикада 12 баллик халқаро МСК-64 шкаласи бўйича интенсивлиги 7 балл ва ундан юқори бўлган зилзилалар содир бўлиш хавфи мавжуд. Кучли зилзилаларда энг кўп зарар кўрадиган уй-жой сектори, хизмат кўрсатиш, иқтисодиёт, саноат ва савдо соҳалари бўлиб, уларнинг аксарияти шаҳарлар ва йирик аҳоли пунктларида жойлашган.
Сўнгги йилларда иқлим ўзгариши оқибатида республика ҳудудида табиий офатлар сони сезиларли даражада ошди. Табиий офатларнинг ўртача сони 2001-2010 йилларда — 115 та ҳолат, 2011-2022 йилларда — 126 та ҳолатни ташкил этган.