Ижтимоий тармоқларда ўз жонига қасд қилаётган хотин-қизлар ҳақидаги хабарлар тез-тез тарқалиб туради. Айримларига сабаб хотиннинг эри томонидан аёвсиз ва давомли калтаклангани бўлиб чиқади. Ўзини ҳимоя қилолмаган, ҳуқуқларини билмаган келин ўз жонига қасд қилади. Хўш, бу билан нима ўзгарди?
Ўзини ўлдириш ҳеч қачон ечим бўлолмайди. Тарихда оиладаги зўравонликни енгиб чиқиб, машҳурликка эришган аёллар етарлича топилади. Қуйидаги мақола хотин‑қизларга мотивация беради деган умиддамиз.
Жоанна Кетлин Роулинг – дунёга машҳур ёзувчи, “Гарри Поттер” романлар сериясининг муаллифи.
Жо хоним севиб турмуш қуради. Турмушининг илк йилларидаёқ эри томонидан кўп калтакланади. Ҳаттоки, фарзанди туғилгач ҳам оиладаги зўравонлик давом этган. Охири ўз жонига қасд қилмоқчи бўлади, аммо қизига бўлган муҳаббати уни яшашга ундайди. Синглисини уйига қочиб кетиб, ўзини қонун ҳимоясига топширади. Эри билан ажрашгандан кейин, кўп ўтмай “Гарри Поттер ва фалсафа тоши” романини ёза бошлайди. Бу асар унга мисли кўрилмаган шон-шуҳрат ва бойлик олиб келди. Жоанна бугунги кунда Буюк Британиядаги энг бой аёллардан бири, саховатпеша хоним сифатида умргузаронлик қилиб келмоқда.
Мадонна –таниқли америкалик қўшиқчи, продюсер ва киноактриса.
Мадонна жуда тажовузкор характерга эга Шон Пеннга турмушга чиқади. Уни бир умр севишга ваъда берган Шон тўйдан кейин хотинини калтаклай бошлайди. Асоссиз рашки туфайли рафиқасини бошини ўчоққа солди, бир марта уни стулга боғлаб, юзини тасқарага айлантириш билан қўрқитди. Эрининг қўлидан қочиб чиққан аёл уни судга берди. Кейинчалик ўз устида ишлаб дунёга машҳур юлдузга айланди. Мадонна турмуши ҳақидаги саволларга жавоб беришни ёқтирмайди. “Бу мен эмас эдим. Уни унутинг”, дейди қисқагина қилиб.
Ким Кардашьян – машҳур актриса, фотомодель.
Кардашьян мусиқа продюсери Дэймон Томас билан турмуш қуради. Аммо бу никоҳ актрисага мислсиз жароҳатлар келтирди. Эри асосан эрталаб хотини калтаклар, уни бутун дунёдан алоқасини узиб қўйишга ҳаракат қиларди. У ўз уйида маҳбусдек яшарди. Шу ҳолатда тўрт йил яшаган Ким ажрашишга қаттиқ курашди ва бунга эришди. Бугун эса Ким машҳур актриса ва фотомодель сифатида фаолият олиб бормоқда.
Уитни Хьюстон – жаҳон мусиқа тарихидаги энг буюк ижрочилардан бири.
Уитни Хьюстоннинг турмуш ўртоғи Бобби Браун биринчи марта тўйдан бир неча кун ўтгач унга қўл кўтарган. Эри пиёниста, гиёҳванд, садист ва жанжалкаш эди. У хотинини доим қизининг кўз ўнгида калтаклаб келган. Кейинчалик қизи руҳий касалликка ҳам чалинди.
Эридан рўшнолик кўрмаган аёл охири полицияга шикоят қилган ва Браун қамоққа олинган. Шу аснода 15 йил ўтди. Ортиқ бундай яшай олмаслигини тушунган Уитни эри билан ажрашишга қарор қилади. Ёлғиз қизи билан қолган Уитни Хьюстон ҳаётини фақат қўшиқ ижро этишга бағишлади.
Маргарет Митчелл – ёзувчи, “Шамолларда қолган ҳисларим” романи муаллифи.
У бу дунёда аёлнинг ўрни ҳақида йирик асар ёзган биринчи ёзувчидир. Маргарет турмуш қурган эркак ашаддий контрабандачи бўлиб чиқади. Эрининг ноқонуний пул топиши, ароқхўрлик қилиши ва хиёнаткорлиги Маргаретни ажрашишга ундайди. Аммо ғазабланган эр уни калтаклай бошлайди.
Маргарет охиригача боришга ва никоҳни бузишга қарор қилди. Лекин аёлнинг ота-онаси бунга қарши чиқди. У даврда ҳеч бир аёлга бундай ҳуқуқ берилмасди. Лекин у суд мажлисига жароҳатлари билан келгач, улар ажралишди. Маргарет ҳаётини хавф остига қўядиган анъаналарга тупурди ва ўз жонини сақлаб қолди.
Малоҳат Йўлчиева тайёрлади.