2023-2024 ўқув йилида 2,1 минг нафар ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари имтиёзли равишда олий таълим муассасаларига ўқишга кирган. Шунингдек, имтиёз билан ОТМга қабул қилинганларнинг 720 нафарини ички ишлар органлари ходимларининг фарзандлари ташкил қилади. Бу ҳақда бугун, 23 август куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги масъуллари билан бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Унда айтилишича, абитуриентларнинг 180 минг нафарга яқини умумий қабул параметрлари асосида, 13,5 минг нафари эса имтиёзга эга абитуриентлар учун ажратилган қўшимча қабул параметрлари доирасида талабаликка тавсия қилинган.
Қолаверса, 4,2 минг нафар абитуриент талабали бахтига муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномаси орқали эришган.
Аммо “Меҳрибонлик уйи” ва Болалар шаҳарчасининг битирувчилари бўлган чин етимлар, SOS – болалар маҳаллалари ва оилавий болалар уйлари битирувчилари, шунингдек, васийликка, ҳомийликка ёки оилага тарбияга олинган (патронат) етим болаларнинг фақат 261 нафаригагина ўқишга кириш учун имтиёз тақдим этилган.
Қолаверса, эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларнинг ҳам ўқишга киришдаги имтиёзи кўп эмас – 1,9 минг. Камида 5 йил иш стажига эга хотин-қизларнинг ҳам фақат 351 нафари талаба бўлган.
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг эса 3,5 минг нафари худди шундай имтиёзли ҳолда ўқишга кирган.