Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан Республика Маънавият ва маърифат маркази, «Маърифат» тарғиботчилар жамияти ва қатор ташкилотлар ҳамкорлигида жорий йилининг 23-30 август кунлари Республика бўйлаб «Янги ҳаёт учун Янги Ўзбекистон учун» шиори остида «Маънавият фестивали» ўтказилиши режалаштирилган.
Шу мақсадда тарғиботчилар Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Сурхондарё, Андижон вилоятларида бўлиб туришибди. Фестиваль доирасида «Маърифат соатлари», нуронийлар, меҳнат фахрийлари ва ёшлар иштирокида «Уч авлод учрашувлари», Мактабгача таълим ташкилотларида «Менинг илк китоб жавоним», ёшларимиз ўртасида миллий мусиқа санъатимизнинг кўп асрлик ижро йўллари, қадимий тарихини кенг тарғиб қилиш мақсадида «Миллий қўшиқлар ва мақом», «Ватан мадҳи», «Бахшилар тараннумида» концерт-дастурлари, «Миллий қадриятлар» каби лойиҳалар ташкил этилади.
Фестивални Нукус шаҳридаги «Ёш томошабинлар» театрида ўтказилган «Янги Мўйноқ» китоб-альбоми тақдимоти очиб берди.
Шундан сўнг Сурхондарё вилояти Термиз туманидаги ҳарбий қисмда, Ангор тумани ҳудудида жойлашган «Ишга марҳамат» мономарказида ва Денов тадбиркорлик ва педагогика институтида «Маърифат соати» бўлиб ўтди. Шу билан биргаликда Олтинсой туманидаги «Обишр» маҳалласида ҳам шу каби тадбирлар давом этди.
Қорақалпоғистоннинг бир қанча ҳудудларида ҳам «Маърифат соати» ташкил этилди. Хусусан Нукус ҳарбий қисмда мазкур тадбир бўлиб ўтди.
Шунингдек Андижон вилояти Андижон туманидаги 28-ДМТТ да «Менинг илк китоб жавоним» лойиҳаси бўлиб ўтди.