Келгуси йилда Инвестиция дастури доирасида мактаблар қурилишига 3 триллион сўм ажратилади. Бунинг ҳисобига 150 минг янги ўқувчи ўрни яратилади.
Бунда асосий эътиборни 2 коэффициентдан юқори қувватда ишлаётган 595 та мактабни кенгайтиришга қаратиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Шунингдек, кам қувватда ишлаётган 61 та коллеж биноси ўрнида мактаблар ташкил қилинади. Бу ҳам қўшимча 42 минг ўқувчи ўрни, дегани.
Хусусий шериклик асосида келгуси йилда 50 та (35 минг ўқувчи ўрни) мактабни барпо этиш ишлари бошланади.
Хусусий секторга қўшимча шароитлар яратиш орқали йилига камида 25 минг ўқувчи ўрни ташкил қилинади. Бунинг учун тадбиркорларга хусусий мактаб ташкил қилиш учун кредитнинг 7 фоиз қисми бюджетдан қоплаб берилади.
Янги мактаб қуриш учун ер майдонлари фақат мактаб қуриш учун мақсадли аукционга чиқарилади.
Умуман, бу ишлар орқали келгуси йилнинг ўзида 250 минг ёки ўтган йилга нисбатан 2 карра кўп ўқувчи ўрни яратилади.