Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда турли соҳа вакилларининг “Очиқ бюджет” учун овоз йиғиш ишларига жалб қилинганлик ҳолатлари юзасидан хабарлар тарқатилмоқда. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ходимларини овоз йиғишга мажбурлаган раҳбарларга қандай жавобгарлик борлигини эслатди.
“Ташаббусли бюджетлаштириш амалиётини янада такомиллаштириш ҳамда фаол маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорнинг 6-бандига биноан, ташаббусли бюджетлаштириш жараёнлари доирасида бюджет ташкилотларининг раҳбар ходимлари томонидан мажбурий овоз йиғиш бўйича ходимларга топшириқ беришлари тақиқланади. Бунда мажбурий овоз йиғишга мажбурлаш тегишли ташкилот ходимларини мажбурий меҳнатга жалб қилиш сифатида таснифланади.
Меҳнат кодексининг 5-моддасига асосан мажбурий меҳнат тақиқланган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддасига мувофиқ мажбурий меҳнатга йўл қўйган мансабдор шахсларга БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача (16,5 миллион сўмдан 33 миллион сўмгача) миқдорда жарима солинишига сабаб бўлади. Худди шу ҳаракат такроран ёки вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилса, Жиноят кодексининг 148-2-моддасига кўра жиноий жавобгарлик белгиланган.
Аввалроқ Иқтисодиёт ва молия вазирлиги “Ташаббусли бюджет” жараёнлари доирасида мажбурий овоз бериш ҳолатларига дуч келган фуқароларни бу ҳақда хабар беришга чақирганди.
Мажбурий овоз бериш ҳолатларига дуч келган фуқаролар вазирликнинг ишонч рақамларига: +99871 2035141, +99871 2035050 (ички рақам — 01115), +99871 2031993 (ички рақамлар — 01116, 01117) ёки “Очиқ бюджет” ахборот порталининг онлайн мурожаат бўлимига хабар бериши мумкин.