Туризм қўмитаси ҳузуридаги “Миллий PR-маркази” давлат унитар корхонаси раҳбари Дилфуза Самандарованинг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётгани аниқланди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати хабар берди.
Аниқланишича, қўмита мансабдори Дилфуза Мансуровна Самандарова 2023 йил 22 февралида давлат рўйхатидан ўтказилган “Avtoimkon trade” МЧЖни 50 фоизлик улуш билан таъсисчиси бўлган.
Шунингдек, у ижтимоий тармоқ орқали Тошкент шаҳар марказида жойлашган “LBOS Jewellery” кумуш тақинчоқлар дўкони асосчиси эканлигини айтиб, уни реклама қилган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан юқоридаги ҳолатларни бартараф этиш бўйича қўмита ва унинг ҳузуридаги “Миллий PR-маркази” давлат унитар корхонасига тақдимнома киритилган.