Жанубий Кореяда 40 ёшли Ўзбекистон фуқароси ёнғин ичида қолган 69 ёшли аёлни қутқарди. Бу ҳақда Korea Herald хабар берди.
Маълум қилинишича, Жанубий Кореянинг Жанубий Гёнгсан вилояти Янгсан шаҳридаги ресторанлардан бирида 18 сентябр куни маҳаллий вақт билан соат 18:44 ларда ёнғин чиққан. Ресторанда портлаш овози, деразаларнинг синиши ва ёнғин чиққанининг гувоҳи бўлганлардан бири фавқулодда хизматларга хабар берган. Ресторанга эгалик қилувчи кекса эр-хотин ёнғин содир бўлган вақтда ўша ерда бўлган. 70 ёшдан ошган эр портлаш содир бўлишидан бироз олдин ташқарига чиқиб кетган бўлса, унинг 69 ёшли хотини ичкарида қолиб кетган. Шундан сўнг ёнғин кучайиши натижасида ичкарига киришнинг иложи бўлмаган.
Маҳаллий ўт ўчириш бўлими маълумотларига кўра, аёл куйиб, йиқилиб қолган ва оғир аҳволда бўлган. Бу вақтда воқеа жойига яқин ҳудудда яшовчи ўзбекистонлик эркак ёнғиндан хабар топиб, ресторан ичига кирган ва аёлни қутқариб қолган. Ёнғин соат 19:11 га бориб ўчирилган.
Аёл 2-даражали куйиш тан жароҳати билан айни пайтда шифохонада даволанаётгани, унинг эрига ҳам ёнғиндан олган жароҳатлари сабаб тиббий ёрдам кўрсатилаётгани маълум қилинди.
Ўзбекистонлик эркакка эса аёлни қутқариш вақтида шиша синиқларидан енгил тан жароҳатлари олгани сабаб биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган.