Ўзбекистонда 8 ойда неча киши овқатдан заҳарланиб вафот этди?

Ўтган саккиз ой мобайнида 39 та ҳолатда овқатдан гуруҳли касалланиш қайд этилган. Бунинг оқибатида 414 нафар фуқаро жабрланган, улардан 2 нафари вафот этган. Заҳарланганларнинг 86 нафарини болалар ташкил қилади. Шу жумладан, касалланганларнинг 81 нафарида ботулизм қайд этилган.

“Маиший, яъни уй шароитида гуруҳли касалланиш салатларни тайёрлашда санитария қоидаларига, сақлаш тартибига риоя қилмаслик оқибатида юзага келмоқда. Мактабгача таълим ташкилотларда бу каби ҳолатлар бизни кўпроқ ўйлантирмоқда. 13 июлда Сергели туманидаги 600-сонли боғчада 12 нафар, Ангрен шаҳридаги 10-сонли боғчада 27 нафар тарбияланувчиларнинг гуруҳли овқатдан заҳарланиш ҳолати рўйхатга олинган”, деган Нурмат Отабеков.

Унга кўра, мактабгача таълим ташкилотларида бундай ҳолатларнинг кузатилиши, биринчидан, ошхоналар лойиҳа асосида қурилмаётгани, санитария талабларига зид равишда фаолият юритаётгани ва иссиқ-совуқ cув таъминотидаги муаммолар билан боғлиқ. Мазкур ошхоналарда ишлатилаётган жиҳозлар эскиргани, болаларга овқат тайёрлаб бераётганлар номутахассис ва санитария нормалари бўйича ўқитилмагани ҳам асосий сабаблардан бири бўлмоқда.