Кўплаб мамлакатларда ҳар йили 22 сентабр «Автомобилсиз кун» сифатида ўтказилади. Бу кунда барча авто ва мототранспорт ҳайдовчиларига пиёда, велосипедда ёки жамоат транспортларидан фойдаланиш тавсия этилади.
1885 йилда Карл Бенз энг юқори тезлиги соатига атиги 10 миля бўлган биринчи бензинли моторли автомобилни ихтиро қилди. Шундан бошлаб, бу каби транспортлар одамлар учун оммалашиб, энг қулай ва вақтни тежайдиган воситага айланди.
Аммо кўпгина йирик шаҳарларда автомобилларнинг фойдаси билан бирга, зарари ҳам сезила бошланган. Улардан чиқадиган шовқин ва заҳарли газ атроф-муҳитга салбий тасир қилиш билан бирга, инсонлар орасида ўлим сонини оширган.
Яъни автомобилдан узлуксиз равишда фойдаланиш оқибатида фуқаролар юрак ва семизлик касалликларига чалиниб, вафот этган.Шундан кейин 1950 йилларга келиб, «car culture» (Автомобилдан фойдаланиш маданияти) муҳокама марказларига олиб чиқила бошланди.
Боиси, инсонларга автомобилдан қандай фойдаланиш, баъзи вақтларда пиёда юриб туриш кераклигини ўргатиш лозим эди. Шу мақсадда 1956-1957 йилларда Нидерландия ва Бельгияда автомобилларсиз якшанбалар ўтказила бошланган.
Йиллар давомида халқаро конференциялар, майдонларда автомобилга қарамлик ҳақидаги мақолалар ёзилиб, нутқлар ҳамда турли лойиҳалар қилингач, ниҳоят 1995 йилга келиб World Car Free Days консорциуми ташаббуси билан бу сана дунёнинг юзлаб шаҳарларида ўтказила бошланди.
2021 йилдан бошлаб тегишли қарор билан Ўзбекистонда ҳам бу сана «Автомобилсиз кун» этиб белгиланган.
Автомобилсиз кунлар нима учун муҳим?
Маълумотларга кўра, 1986 йилда дунёда 500 миллион автомобил бўлган, ҳозирги кунга келиб эса унинг сони 1 млрд 200 миллиондан ортиқни ташкил этади. Ўзбекистонда жисмоний шахсларга тегишли жами автотранспортлар 3 млндан ошган, ҳар минг кишига 90 та автомобиль тўғри келиши айтилади. Рақамлар йиллар давомида кескин ошиб бормоқда.
Шунга мувофиқ, йўллардаги хавфсизлик масаласи, узлуксиз транспорт ҳайдаш оқибатида пайдо бўладиган касалликлар ҳамда ҳавонинг ифлосланиб кетаётгани долзарблашмоқда.
Автомобиллар атмосфера ҳавосини ҳар хил заҳарли газлар билан ифлослашидан ташқари дунё аҳолисининг нафас олишига кетадиган кислороддан 3-4 марта кўп кислородни сарфлайди. Бир автомобиль двигатели бир йилда 20-30 кишининг йил давомида нафас оладиган кислородни сарф қилади.
Автотранспорт воситалари атмосфера ҳавосини азот оксиди билан 45,7%, углеводородлар билан 42% зарарлантиради. Ер юзидаги жами бир йилда ҳавога чиқариб ташланадиган 100 млн тоннага яқин ис газининг 75,5 млн тоннаси ёки 78% и автотранспорт воситаларига тўғри келади. Шаҳарлар ҳавосининг 60% и заҳарли газлар билан ифлосланиши автотранспорт ҳисобига тўғри келади.
Мана шундай шароитда кўпгина давлатлар «Автомобилсиз кун» акциялари ўтказилиб, кенг тарғиб қилинмоқда.
Автомобилсиз шаҳарлар
АҚШнинг Мичиган штатида жойлашган Маккинак оролига 1898 йилдан буён транспорт воситаларининг кириши тақиқланган. Одамларни ташиш учун фақат велосипед ва от араваларидан фойдаланилади.
Франциянинг Нормандия соҳиллари яқинида жойлашган Сарк оролида ҳам фақат трактор ва от араваларнинг ҳаракатланишига рухсат берилади.
Айни вақт Норвегияда ҳам мана шу муаммога қарши курашиш учун шаҳар марказларида автотранспортлар сони кўпаяётганини нормал қабул қилмасликка чақириб, аксинча автомобилларсиз ҳам қулайликлар борлигини тарғиб қилишмоқда.
Бу йўлда эса улар транспортлар тўхташ жойларига ўриндиқлар каби кўча мебелларини қўйиб, жойларни мини-боғларга айлантиришяпти. Бунинг натижасида марказда пиёдалар сони 10 фоизга ошган. Кўриб турганингиздек, бутун дунёда ушбу акциялар ўтказилиб, атроф-муҳит, инсон саломатлигига катта эътибор қаратилмоқда.
Юқорида айтганимиздек,Тошкент шаҳрида ҳам «Автомобилсиз кун» этиб белгиланган. Бундан кўзланган мақсад шахсий автомобилларда ҳаракатланишни камайтириш, аҳоли орасида жамоат транспортидан ва велосипеддан фойдаланишнинг ҳамда пиёда юришнинг афзалликларини тарғиб этиш эди.
Бироқ бирорта масъулнинг ушбу кунни тарғиб қилганини, кўчаларда автомобиль ёки тирбандликлар камайганини, бирор амалдорнинг велосипедда ёхуд жамоат транспортида ишга келганига кўзимиз тушмади.
Экология масъулларига, мансабдорларга бу кун қизиқ бўлмаганидек, кундалик ташвишидан ортмайдиган оддий аҳолига ҳам бу куннинг аҳамияти бўлмади.
Ҳаво ифлосланиши бўйича етакчи қаторларда бўлган пойтахтимизда ҳам ушбу саналарни шунчаки белгилаб қўймай, мутасаддиларимиз жонбозлик кўрсатса, турли акциялар уйиштирилса, экологиямизга ҳам, одамлар саломатлигига ҳам анча фойда бўлган бўларди.
Шаҳруза САТТОРОВА