Болалар заҳарлангани ҳақидаги хабар барчани қаттиқ ташвишга солди. Ҳаммани биргина савол қизиқтирмоқда: Бунинг асосий айбдори ким?
Турли ахборот манбаларида турлича хабарлар, янги-янги талқинлар тобора урчияпти. Аввалига ҳамма жойда доридан заҳарланган дейишди, кейин соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова болалар заҳарланишига дорилар сабаб эмас, деб баёнот берди. Аммо кўп ўтмай Наманган вилоятига Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева бошлиқ бир гуруҳ мутасаддилар ташриф буюргани ва мавжуд вазият билан бевосита танишгани ҳақида хабар тарқалди. Турли манбаларда Президент ёрдамчиси соғлиқни сақлаш вазирлиги каттаконлари билан «жуда қаттиқ гаплашгани» ҳақида ҳам хабарлар тарқалди. Қизиқ, вазир ўринбосари Боситхонова айтганидек, болалар заҳарланишига дорилар сабаб бўлмаган бўлса, унда улар нима учун қаттиқ «гап эшитишди» экан.
Ҳозир қайси мутасадди ёки қайси бир масъулдан вазият ҳақида сўрасангиз «чуқур ўрганиляпти», «ҳаммаси жойида, ваҳимага ўрин йўқ», «вазият назоратда», «нотўғри талқин қилманг, ҳеч нарса бўлгани йўқ» қабилида жавоблар оласиз. Ҳатто уларнинг матбуот котиблари ҳам журналистлар билан амалдорлар ўртасида турволиб, вазиятни хаспўшлашга ҳаракат қилишаётгани кўриниб турибди.

Хўш, ваҳима қилишга ҳожат борми? Албатта, ваҳима қилишга асослар ҳам, сабаблар ҳам етарли. Бу ерда биргина боғча ёки мактаб, биргина туман ёки вилоят даражасида эмас, бутун мамлакат бўйлаб болалар заҳарланиши кузатилгани чиндан ҳам вазиятнинг ўта жиддий эканидан далолатдир. Худо кўрсатмасин, миллий фожиага айланиб кетишининг шундоққина остонасида турганимиздек қалтис вазият бу.
Майли, мутасаддилар ўрганиб, оммавий заҳарланиш сабабларини айтишар қачондир. Буни ҳам лозим топишса албатта. Аммо бу оммавий заҳарланиш ортида ҳам навбатдаги коррупцион схема турмаганмикан, деган иштибоҳ қийнайди одамни.
Йод етишмаслиги касалликларининг профилактикасини тизимли равишда ташкил этиш мақсадида 3-15 ёшдаги болаларни йод препаратлари билан таъминлаш юзасидан тегишли вазирлик ва ташкилотлар томонидан ҳамкорлик ишлари олиб борилаётгани олдинроқ хабар қилинган эди. Мактабгача ва мактаб таълими ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2023 йил 28 августда бу борада тегишли қўшма қарори ҳам қабул қилинган эди.
Мамлакатимиздаги барча 3-15 ёшдаги болалар сони кичкина рақам эмас. Улар бепул дори препаратлари билан таъминланар экан, давлат бюджетидан қанча пул ажратилишини тасаввур қилиш осон. Албатта, бу препаратлар ўзимизда ишлаб чиқарилмайди, хориждан олиб келинади. Хўш, ўша препаратларнинг қанчалик сифатлиси олиб келиняпти, қанчадан харид қилиняпти ўзи ва асл нархи ҳақиқатда ҳам шунчами? Бу саволлар жавоби кимнидир қизиқтиряптими?..
Хорижда бир сўмга сотилаётган нарсани бизникилар бориб уч сўмга, бунинг устига энг сифатсизини харид қилиб келишига ўнлаб мисоллар келтириш қийин эмас. Оддий мисол – онкология, қандли диабет ёхуд бюджет ҳисобидан бепул дори бериладиган бошқа касалликлар бўйича шифохоналарга иши тушганлар яхши билишади. Аксарият ҳолларда ўша бепул дориларни тажрибали шифокорларнинг ўзлари тавсия қилишмайди. Даво натижаси яхши бўлсин десангиз, аптекадан бу дорининг бошқа давлат (ёки фирма) ишлаб чиқаргани бор, ўшани олишни тавсия қиламан дейди. Энди айтинг, даво истаб турган одам нима қилади шунда?!..
Давлат бюджети ҳисобидан миллиардлаб пулга сотиб олиниб, бир йил ўтмасидан маънан «эскириб» қолган камералар, радарлар, яна жамоатчилик билмайдиган асбоб-ускуналар сон мингта. Ана шуларни ҳам мақтаб-мақтаб сотиб олиб келишда кимлардир бош-қош бўлиб турган-ку!
Майли, қандайдир бир ускуна, радар ёки камера дарров «эскириб» қолса ҳам янгилаш мумкин. Аммо одамлар ҳаёти, бўлганда ҳам ўзимизнинг фарзандларимиз ҳаёти учун сотиб олинаётган дори препаратлари сифати, қаердан олингани, унинг синовдан ўтган-ўтмагани нима учун бирор-бир мутасаддини ўйлантирмаяпти?
Сифатсиз дори юртимизга олиб кирилгани, бунинг устига у дориларга сохта сертификатлар ёзиб берилгани фош бўлиши учун қанча гўдакларни қурбон бердик ахир. Энди улар қанчалик жазога тортилмасин, ўша фарзандлар қайтиб келадими? Ўша гўдаклар ота-онаси бағридаги ярага заррача малҳам бўладими бу?
Ўз манфаатини халқ ва давлат манфаатларидан устун тутувчи баъзи бир кимсалар катта бойлик орттириш илинжида фақат ҳалқумини кўзлаб қилаётган ишлари халқни иснодга қўймоқда. Шу билан бирга, давлат ва давлат идораларига бўлган самимий муносабатга ҳам рахна солаётир. Давлатни ўз халқи олдида ва халқаро майдонда ёмонотли бўлиб қолишига сабаб бўляпти. Давлатнинг бир қанча кучли тузилмаларига туп қўйиб палак ёйган айрим кимсаларнинг нобакорлиги туфайли халқ ҳам, давлат ҳам жиддий зарар кўриб турибди. Бундай эпидемияга нисбатан жиддий чораларни татбиқ этиш кечиктириб бўлмайдиган вазифага айланмоқда.
Шахсий ғараз учун хизмат қилувчи легал ҳолатлар орқали давлат маблағларини талон-тарож қилишга асосоланган ҳар қандай ҳаракат қонун олдида жавобгар бўлиши тамойили ҳамиша амал қилиши зарур.
Коррупция иллати учун бугун ҳатто фарзандларимиз ҳаётини тикиб юбораётганлар йўқ эмас экан. «Док-1 Макс» дориси билан юз берган фожиа бунга тўлиқ далил бўла олади. Демак, Намангандан бошланиб, яна бошқа турли ҳудудларда болалар заҳарланиши билан боғлиқ вазиятда ҳам «коррупция занжири» версиясини назардан четда қолдирмаслигимиз шарт. Бунинг учун жигаргўшаларимиз қурбон бўлишини кутмайлик!
«Кичкина табиб» фильмида бир сюжет бор. «Унда ҳеч қанақа гуноҳ йўқ. Ҳамма гуноҳ сизда. У эрталабгача албатта тузалади, лекин сиз ўлишингиз мумкин…» дейди табиб болача касал набирасига даво тополмаётган бобосига.
Ҳа, заҳарланаётган болалар учун ҳам биз, катталар жавоб беришимиз шарт. Чунки уларда ҳеч қандай гуноҳ йўқ.