Биз қандай яшаяпмиз?

Баъзида эшитиб қоламиз: ўзбек олими Америкада буюк кашфиётлар қилмоқда. Нима, бизга илм-фан кашфиётининг кераги йўқми? Ўзбек шифокорлари АҚШда, Европада, Яқин Шарқда, ҳатто Африка давлатларида ишламоқда. Нима, бизда ҳеч ким касал бўлмайдими? Ўзбек қурувчилари Россияда, Қозоғистонда ҳар йили юзлаб, минглаб, замонавий иморатлар, гўзал биноларни қуриб беришаяпти. Нима, бизда бундай иморатларга эҳтиёж йўқми?

Навқирон ишчи кучлари, малакали мутахассисларимиз ўзимизда, оиласи, яқинлари олдида ишлашни истайди. Аммо қўлидан иш келган пайтида кўпроқ пул топгиси келади. Бизда эса ҳозирча айрим хорижий давлатлардагидек шароитлар етарли эмас.

Бунинг учун ҳар биримиз ўзимизни, қарашларимизни, интилишларимизни, фикрларимизни ўзгартиришимиз керак. Қуръони каримда Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «…Албатта, то бир қавм ўзларини ўзгартирмагунча, Аллоҳ уларнинг ҳолини ўзгартирмас…» («Раъд» сураси 11-оят). Бу ояти кариманинг мазмуни халқимизнинг «Сендан ҳаракат – мендан баракат» нақлида ҳам соддароқ тарзда ифодаланган.

Фақат бугунни ўйлаб яшайдиган бўлсак, ҳея нарса ўзгармайди. Ҳаммаси бугунгидек давом этаверади. Бугунги кун бир нави ўтиши учун шароитларимиз етарли. Лекин эртанги кун янада фаровон, янада тўкис бўлиши учун кўпроқ ўйлашимиз, ўқишимиз, изланишимиз керак.

Бунинг учун энг аввало ўз фарзандларимизга жиддийроқ эътибор қаратайлик. Хўш, фарзандларимиз бугун нима қилаяпти? Албатта, мен турли мусобақаларда кучи, билими, иқтидорини намоён этаётган фарзандларимизнинг ютуқларини камситмоқчи эмасман. Барака топишсин. Лекин бошқалар-чи? Юқори натижаларга эришаётган ёшларимиз нари борса минг, икки минг, боринг ана ўн минг нафар чиқар. Қолганлар-чи? Ахир мамлакатимиз аҳолисининг ярмидан кўпини 18 га тўлмаганлар ташкил этади-ку? Бу 16 миллиондан кўпроқ одам дегани. Улар нима билан машғул? Миллионлаб ёшларимиз билим олиш ўрнига сериал томоша қилиш, ижтимоий тармоқларга сурат жойлаш, кимлар биландир ярим кечасигача ёзишиш, турли электрон ўйинлар билан шуғулланмаяптими?

Катталар-чи? Уларни нималар ўйлантираяпти? Фақат ўғил уйлантириш, қиз чиқариш, уй қуриш, яхши кийиниш, яхши кийинтириш ҳақида бошқа қотирмаяптими?

Катта-кичик амал курсисидаги «каттаконларимиз»-чи? Уларнинг ҳаммаси бирдек юрт ривожини, халқ фаровонлигини, ўзидан бирор яхшироқ иш қолдиришни ўйлармикин? Мансабни шахсий тирикчилик манбаига айлантириб олганлар ҳамон учрамаяптими? Кенг ҳужрада, юмшоқ курсига ястаниб, жамиятнинг томирини кемириб ётган «жониворлар»нинг қанчаси жазосини олди. Уларнинг ўрнини эгаллаётганлар «аввалгиларга ўхшамас»микин?

Албатта инсон орзу-ҳавас билан тирик. Буларсиз ҳаёт рангни йўқотар балки. Лекин биз бундан ҳам яхшироқ яшашимиз мумкин. Ойига 700-800, 1000 доллар эмас, ундан бир неча баравар кўпроқ пул топишимиз, ўзимиз орзу қилганимиздан кўра яхшироқ яшашимиз мумкин.Бунинг учун ичимизда озроқ миллий ғурур, ватанпарварлик бўлиши керак.

Иккинчи жаҳон урушидан қашшоқлик гирдобига ботиб чиққан Корея, Япония сингари мамлакатлар ҳам табиий бойликлари эмас, ўз халқининг кучи, билими ва салоҳияти туфайли барча машаққатларни енгиб, юксак марраларга эришди. Биз бунга қодир эмасмизми?

Мен дунёнинг ўнлаб мамлакатларини кезган инсон сифатида айтаман: фақат ўзимизни, ҳаёт тарзимизни, қарашларимизни ўзгартиришимиз керак.
Ўзимизни ўзгартирайлик, Яратган ҳам бизни ўзгартиради.
Ҳаракат қилайлик, барака топамиз.
Фақат кундалик майда-чуйда ташвишлар билан эмас, келажак ҳақида, фарзандларимиз бугунгидан кўра бахтлирок, комилроқ, тўкисроқ яшаши учун ҳаракат қилайлик.
Фарзандларимизни ҳам кўпроқ ўқишга, интилишга ундайлик.
Қўлига телефон эмас, китоб олиб берайлик.

Рустам ЖАББОРОВ