Россия Ўзбекистон нефть конларидан фойдаланиш ҳуқуқини қўлга киритди

Россиянинг “Газпромнефть” ва Ўзбекистоннинг “Ўзбекнефтгаз” компаниялари ўртасида нефть конлари хизматлари соҳасида бир нечта шартнома имзоланди. Унга кўра, Россия компанияси Ўзбекистон конларида қудуқларни бурғилаш жараёнларини оптималлаштиришга ёрдам беради. Бу ҳақда “Газпромнефть” компанияси хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Россия компанияси “Ўзбекнефтгаз” конларида қудуқларни қуриш ва улардан фойдаланиш учун “Газпромнефть – Ноябрскнефтегаз” лойиҳасини ишлаб чиқади. Лойиҳа бурғилаш назорати, бурғилаш ускуналари аудити, қудуқлар дизайнини ўзгартириш бўйича тавсиялар ва лойиҳаларни ўз ичига олади.

“Газпромнефть” технологиялари ва тажрибаси “Ўзбекнефтгаз”га қудуқларни қуриш вақтини 20 фоиздан кўпроқ қисқартиришга ёрдам беради”, дейилади хабарда.

Маълумотларга кўра, “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти қошида бурғилаш ишларини бошқариш маркази ташкил этилади. Марказда “Газпромнефть” дастурий таъминоти ва унинг қудуқларни қуриш соҳасидаги амалиётидан фойдаланиш режалаштирилган.