Ижтимоий тармоқларда «МИБ анчадан буён ўз функциясини бажаролмай қолган» мазмунида хабарлар тарқалди. Ушбу ҳолат бўйича изоҳ сўраб МИБ матбуот хизмати билан боғландик. Матбуот хизмати ушбу хабар юзасидан расмий муносабатни ижро фаолиятига боғлиқ рақамларда кўрсатишни маъқул кўрди.
Бюро ўзининг дастлабки давриданоқ юклатилган вазифаларни тўла оқлагани ва ҳозирда ҳам ишонч билан бажариб келмоқда. Ўтган даврда, тўпланган тажриба, ходимларнинг ишга бўлган масъулияти сабабли, ижро этиш самарадорлиги ошмоқда.
Хусусан, 2023 йил январь-сентябрь ойларида жами 67,7 трлн. сўмлик (3,9 млн.та) ҳужжатлар ижроси тамомланиб, улар бўйича 28,6 трлн. сўм (2,9 млн.та) амалда ундирилди.
Шу каби, давлат фойдасига 10,9 трлн. сўм, шундан 8,9 трлн. сўм солиқ қарзи, 816,2 млрд. сўм жиноий ва маъмурий жарималар, 460,6 млрд. сўм давлат божи, 452,4 млрд. сўм жиноят натижасида етказилган зарар ундирилди.
Фуқароларни мол-мулкига дахл қилмасдан ва мажбурий ижро ҳаракатлари ўтказилмасдан ахборот технологиялари ёрдамида масофавий ишлайдиган 15 та туманлараро бўлимлари томонидан 550,6 млрд. сўм (1,4 млн.та) ҳужжатларнинг ижроси таъминланди.
Ижтимоий аҳамиятга эга, жумладан алимент тўловлари, ишга тиклаш ва иш ҳақи ундириш билан боғлиқ ҳужжатларнинг ижросини таъминлаш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилди.
Қарздорлардан жами 1,5 трлн. сўм (шу жумладан, банк карталари орқали 882,7 млрд. сўм) алимент пуллари ундирилди.
“Алимент тўловлари” жамғармаси ҳисобидан вояга етмаган фарзандини моддий таъминлаш мақсадида 843 нафар ундирувчиларга 12,2 млрд. сўм маблағлар тўлаб берилди.
Ишсиз алимент тўловчиларнинг 24 751 нафари ишга жойлатирилди, 38 487 та оилани яраштиришга эришилди.
Меҳнат қонунчилигига риоя қилинмаган ҳолда бўшатилган 867 нафар шахс ишга тикланди, тўланмай қолган 59,4 млрд. сўмлик иш ҳақи ундирилди.
Бундай натижаларга соҳадаги аниқ механизм, вазифаларнинг тўғри тақсимланиши ва меҳнат самарадорлиги туфайли эришиляпти.
Суд ва бошқа органлар ҳужжатларини иж этишла Бюро органлари замонавий ахборот коммуникация технологиялари имкониятларидан унумли фойдаланмоқда, дейилади хабарда.