“Док-1 Макс”. Эскию янги Ўзбекистонда энг шов-шувга айланган воқеалардан бири бўлди. ОАВ бу мавзуда жуда кўп бонг урди. Сўнгги маълумотларга кўра, 65 нафар бола “Док-1 Макс” қурбони бўлган.
Яқинда соғлиқни сақлаш тизимининг каттаси Амрилло Иноятов ҳақидаги лавҳани кўриб, “Док-1 Макс” хронологияси, Намангандаги шов-шув – боғча болаларига берилган йод препаратларининг нохуш оқибатлари ҳақида ўйладим.
Дарвоқе, Соғлиқни сақлаш вазири Иноятовнинг туғилган куни муносабати билан ижтимоий тармоқларда “Қаҳрамон Амрилло” деб номланган лавҳа тарқалди. Унда вазир шунчалик улуғланганки, мақталгувчининг ўзи ҳам уялиб кетади. Уялган бўлса…
“Ўлим дориси” – “Док-1 Макс” ҳақидаги илк огоҳлантиришни Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази жамоаси берганди. Ушбу шифохона ходимлари маълум муддат ушбу сиропнинг салбий асоратларини таҳлил қилган ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига маълум қилган.
Дунё бўйича энг қудратли соҳалардан бири – фармацевтика, айтайлик бир йирик фирма ишлаб чиқараётган дори ҳақида бундай гапириш, унинг таркибидан шубҳага бориш тиббиётчилар наздида катта “гуноҳ”. Доринг “брак” экан деганни еб ташлайди бу тизим. Мамлакатга кирадиган дорилар жўмрагини очиб берадиганлар ҳазиллашиб ўтирмайди.
Эсласангиз, “Док-1 Макс” воқеасини ўрганиш асносида етти нафар масъул ишдан олинганди. Ўша ишдан олинганларнинг орасида Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази директори ва ушбу сиропни фош қилишда жонбозлик кўрсатган яна бир шифокор ишдан олинганди. Бошқа яна қандайдир дўхтирлар пайдо бўлиб, ФАРМАЦЕВТИКА билан ўйнашмаслиги учун.
Жамоатчилик таъсири остида ходимлар ишга тикланди.
Бироз ўтиб, бутун миллат болалари қирилиб кетмаслиги учун бўлса керак, фармацевтика девори ортига назар ташлашга журъат қилинди.
“Док-1 Макс” ҳақиқатан ҳам ўлим дориси экани тан олинди. Мавзу халқаро даражага чиқди. Қама-қама бошланди, суд жараёнлари кетяпти.
Биз шифокор ва ўқитувчиларнинг маоши камлиги ҳақида гапиряпмиз. Кўпдан бери. Энг катта коррупция шу икки тизимда деяпмиз. Булар сабаб, оқибат билан курашиш эмас аслида.
Савол. Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳмат айтдими? Ҳукумат эътироф этдими уларни? Демак, шифокорлар мустақил қарор қабул қилса, нотўғрини нотўғри, деса бўларканку. Улар ҳам қорани қора деёларканку!
Ишонаман, бошқа тиббиёт муассасаларида ҳам қандайдир дориларнинг салбий асоратлари ҳақида таҳлил қилиб келаётган шифокорлар бор. Фақат улар бу ҳақида тепадагиларни огоҳлантириши учун журъат керак. Соғлиқни сақлаш вазирлиги қуйи тизимга ўша журъатни бериши лозим. Ишдан қувиш билан қўрқитмаслиги шарт.
Намангандаги йод воқеаси ҳақида эса гапиргиси ҳам келмайди одамнинг. Бутун бошли ОАВга вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг битта жанжалкаш матбуот хизмати бас келди! Вазирлик бу борада бутунлай ёпилиб олди.
Вазирлик ўша жанжалкаш матбуот хизматларини эътироф этиши керак. “Қаҳрамон Амрилло” деб шеър ёзадиганларни тақдирлашни яхши кўради. Ойни этак билан ёпишга уринадиганларнинг хизматини қадрлаши лозим. Ҳарқалай, ҳозир тизим шундай ишлаётганга ўхшайди.
Хулоса. Соғлиқни сақлаш соҳаси – давлатнинг қон томирларидан бири. Шундай экан, жонкуяр шифокорларни кўпайтиринг. Илм билан иш қила оладиганларини рағбатлантиринг. Давлат муассасаларида ишлаётган ходимларнинг маошини қанча бўлса, кўпайтиринг. Токи вазир Амрилло Иноятов қайсидир учрашувда “беморнинг берганига рози бўлиб олавер”, деган бўлсада, шифокорнинг кўзи тўқ бўлсин, олмасин. Муҳтожнинг қўлига қарамасин. Тизимда сифат бўлсин.
Ҳозирча шу.
Исомиддин Пўлатов,
“Жомбой тонги” газетаси муҳаррири.