Сўнги вақтларда ҳоким ёрдамчиси дейилса, кўз олдимизга пора билан ушланган ёки фирибгарлик қилган одам гавдаланадиган бўлиб қолди. Негаки, кунда-кунора ушбу лавозим эгаларининг бир «ҳунари» чиқади.
Ҳоким ёрдамчиларининг асосий вазифаси ҳар бир маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалаларида кўмак бериш. Улар бу вазифани қай даражада бажараётгани сўроқ остида бўлса ҳам аксарият ҳоким ёрдамчилари ўз вазифаси қолиб, ишсиз, кам таъминланган қатламга ажратилган имтиёзли кредитларни “туя қилиш”ни яхши уддалаяпти.
Масалан, икки кун олдин Сурхондарёда ҳоким ёрдамчиси ўзгалар номига фирибгарлик йўли билан кредит олиб, 132 миллион сўм пулни «еб-юборган».
Бухоронинг “Абу Али Ибн Сино” маҳалласида 163 миллион сўм, “Янги Турмуш” маҳалласида 165 миллион сўм, Қашқадарёнинг “Яккабоғ” туманида 1,7 миллиард сўм, Чироқчида 243 миллион сўм, Навоийнинг “Хатирчи” туманида 526 миллион сўмлик имтиёзли кредит маблағлари ҳоким ёрдамчилари томонидан ноқонуний ўзлаштирилган.Бу фақат яқин уч-тўрт ойлик ҳамда имтиёзли кредитлар борасидаги фактлар холос.
Пора билан қўлга тушишда ҳам ушбу лавозим эгалари бошқа соҳа амалдорларидан сира қолишмайди. Шаҳрисабзда 500 доллар, Самарқандда 1,5 мимг доллар, Навоийда қарийб 2 миллион сўм, Бухорода 10 минг доллар маблағ эвазига ер, кредит олиб бериш, тавсиянома бериш каби жиноятлар содир этган.
2022 йилда эса Юнусободда 35 минг доллар, Тошкент туманида 30 минг доллар, Жиззахда икки минг, Чустда бир ярим минг доллар ва 5,6 млн сўм пора олган ҳоким ёрдамчилари “ўз рекордлари” билан ёдда қолган эди. Бу фақат билганларимиз, оммага ошкор бўлганлари, ими-жимида қилинган олди-бердиларнинг нечтасидан хабаримиз ҳам йўқдир…
Билдирган ишонч, берилган имконият оқланяптими?
“Президентнинг маҳалладаги вакиллари” деб аталган ҳоким ёрдамчиси лавозими 2022 йилнинг январидан буён мамлакатнинг 9300 дан ортиқ маҳаллаларида жорий қилинган.
Фаолияти бошланганига ҳали икки йил ҳам тўлмаган ушбу вакилларнинг неча фоиз яхши натижа кўрсатди, билмадигу, аммо улар пора олиш бўйича мусобақада бир-биридан ортда қолмаяпти.
Лавозим жорий этилганидан буён фаолиятни қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга жуда кўп имтиёзлар берилди. Масалан, ҳоким ёрдамчиларига уй-жой харид қилиш учун 150 миллион сўмгача субсидия тўланади. Уларнинг ойлик маоши эса хонадонлар сонига қараб 4 миллион сўмдан 7 миллон сўмгача этиб белгиланган.
Оддий халққа эса ипотека кредитининг дастлабки бадалини қоплаш учун субсидия 32 миллион сўм!
Имтиёз фақат у билан чекланмайди, бошқа ҳудудлардан келиб ишлаётган ҳоким ёрдамчилари ва республика вакиллари учун турар жой ижараси харажатлари учун 540 минг сўмгача компенсация тўланади.
Ўз шахсий автомобилидан фойдаланаётган республика вакилларининг 2 150 000 сўмгача бўлган транспорт харажатлари, бир ойда бир марта доимий яшаш жойига темир йўл транспортида бориб келиши учун харажатлари қоплаб берилади.
Бундан ташқари олий маълумотга эга бўлмаган ҳоким ёрдамчилари иқтисодий таълим йўналишларида давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади, мукофот ва қўшимча иш ҳақи билан боғлиқ яна қатор имтиёзлар кафолатланган.2024 йилда эса ҳоким ёрдамчилари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларини шакллантиришга давлат буджетидан160 миллиард сўм ажратиляпти.
Ўзлари бириктирилган ҳудудни, ўша ҳудуднинг ёрдамга муҳтож аҳолисини талаётган бу лавозим эгалари фаолияти шунчаки тугатилса, нимани ютамиз-у, нималарни ютқазамиз, шуни бир сарҳисоб қилиб кўриш керак.
Уларнинг фаолияти шунча фирибгарлик, порахўрлик, берилаётган имтиёз-у, миллиардлаб давлат бюджети маблағларини сарфлашга арзийдими?
Шахруза Сатторова