Тошкент шаҳри Юнусобод туманида 32 ёшли эркак турар жой биносининг 15-қаватидан сакраб, вафот этди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати маълум қилди.
Воқеа 18 ноябрь куни соат 21:07 да «Манзара» турар жой мажмуасида содир бўлган. Фуқаро Ш. Х. 23 ёшли рафиқаси Н.Р. билан бирга яшаб, воқеа содир бўлишидан икки кун олдин унга «осмонда учгиси келаётгани»ни айтган.
Бош прокуратура маълумотларига кўра, эркак 2020 йилдан буён руҳий асаб касалликлари шифохонасида шизофрения ташхиси билан рўйхатга олинган. Воқеа содир бўлган куни эркак турмуш ўртоғига ишга бормасдан, уйда қолишини сўраган. Н.Р. ишдан келгунига қадар эса эри ўз жонига қасд қилган, дейилади хабарда.
Ҳозирда туман прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ўз жонига қасд қилиш сабаблари аниқланмоқда, дейилади хабарда.