Дунё бўйлаб қизамиқ билан касалланганлар сони ортиб бормоқда. Шу билан бирга, касалликка қарши эмлаш камаймоқда. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълум қилди.
Мутахассисларнинг қайд этишича, 2022 йилда инфекциядан вафот этганлар сони 2021 йилга нисбатан 43 фоизга ошган. Беморларнинг умумий сони 9 миллион кишини, ҳаётдан кўз юмганлар эса 136 минг кишини ташкил этади. ЖССТнинг таъкидлашича, уларнинг аксарияти болалардир.
“Болалар учун қизамиқ хавфи доимий равишда ўсиб бормоқда. 2021 йилда 22 та давлатда, 2022 йилда эса 37 та давлатда касалликнинг кенг кўламли ва оғир эпидемиялари қайд этилган”, дейилади ЖССТ хабарида.
Ташкилотнинг қайд этишича, бу ҳолат башорат қилинган, чунки сўнгги йилларда эмлаш даражаси пасайган, деб хабар беради korrespondent.net.
“2022 йилда 2021 йилга нисбатан дунё бўйлаб эмлаш қамрови бироз ошди, аммо эмлаш дозасини олмаган болалар сони 33 миллион нафарни ташкил этди, улардан деярли 22 миллиони биринчи дозани, 11 миллиони иккинчи дозани қабул қилмаган”, — дейди ташкилот мутахассислари.