Йоддан оммавий заҳарланиш бўйича Тошкентда 3 киши қамоққа олинди. Олий суд матбуот хизмати раҳбарининг маълум қилишича, 2023 йил 7 ноябр куни жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани судининг ажрими билан қуйидагиларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди:
Ё.Х.Тўрақулов номидаги республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази директорининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари Ф.Ҳ.;
ушбу марказ лаборатория мудири, катта илмий ходим, Соғлиқни сақлаш вазирлиги болалар бош эндокринологи Н.А.;
Соғлиқни сақлаш вазирлиги дори воситалари, тиббий буюмлар ва жиҳозлар муомаласини тартибга солиш ва мурувват ёрдамини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Ҳ.Ғ.
Эслатиб ўтамиз, Чуст туманида оммавий заҳарланиш кузатилган, кейинроқ бу ҳолат Андижонда ҳам содир бўлган. Вазият эса президент томонидан назоратга олинган. Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари эса болалар овқат ё доридан заҳарланмаганини айтганди.
Кейинроқ бу бўйича жиноий иш очилган. Антиструмин дорисини ишлаб чиқарган корхона раҳбари эса халқаро қидирувда экани, шу ҳолида бир нечта шубҳали шартномалар қилганини ҳам хабар бергандик.