Жорий йилнинг декабрь ойида бир қанча магнит бўронлари бўлиши кутилмоқда. Бу ҳақда «Утро Родины» нашри хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу ойдаги энг кучли бўрон 5 декабрь куни содир бўлади. Унинг кучи 5 баллга етиши кутилмоқда. Фазодаги ушбу кескин вазият 7 декабргача давом этади.
Шунингдек, 12 ва 13 декабрь кунлари ҳам геомагнит бўронлари фаоллашиши мумкин. Унинг таъсири дастлабки кунлардан бироз пастроқ – 3-4 баллни ташкил этади.
Кейинги хавфли бўронлар 19 ва 22 декабрда содир бўлади. Уларнинг кучи ҳам 5 баллгача етади. Шунингдек, маълум доирадаги одамлар магнит бўронидан яна икки кун, 23 ва 24 декабрда ҳам азият чекади. Бунда унинг таъсири 4 баллгача сезилади.
Мутахассисларнинг фикрича, декабрь ойининг охири, айниқса, об-ҳавога сезгир одамлар учун жуда кўп қийинчиликларни келтириб чиқариши мумкин. Шу сабабли, сурункали касалликлари ёки юрак-қон томир касалликлари билан оғриган одамлар олдиндан тайёргарлик кўриши керак.
Магнит бўрони сабаб таъсирчан тоифадагилар уйқусизлик, бош оғриғи ёки мигрендан азоб чекиши мумкин. Бунда кўп сув ичиш, тоза ҳавода сайр қилиш, етарлича ухлаш, тўғри овқатланиш ва спиртли ичимликларни истеъмол қилмаслик тавсия этилади.