Меъёрдан иссиқ бўлган куз ва илиқ бошланган қишнинг дастлабки кунларидан сўнг анчайин совуқ тушди. Илиқ ҳаводан сўнг бирданига совуқ ҳароратга дуч келиш организмдан мослашишни талаб қилади. Етмаганига, айни қиш ойларида грипп ва шамоллаш ҳам авж олади.
Қишда грипп кўпайишига сабаб нима?
Вируслар совуқ ва қуруқ ҳавода фаоллашади. Тўғри, қиш фаслида атмосферада намлик нисбатан юқори бўлади. Бироқ хоналар иситилиши сабабли ҳаво қуруқлашади. Бу эса инфекцияларнинг авж олиши учун қулай муҳит.
Қолаверса, патогенлар тоза ҳавони ёқтирмайди. Аммо совуқ кунларда эшик ва деразалар зич ёпилиб, хоналар ҳавоси тез-тез алмаштирилмайди. Одамлар асосий вақтини иссиқ шароитда, бир неча киши ёки кўпчилик бир жойда жамланиб ўтказади. Вируслар эса ёпиқ бино-иншоотлар, аҳоли гавжум жойларда тезроқ тарқалади.
Шамоллаш мавсуми бошланяпти – унга болаларни қандай тайёрлаш ва ҳимоя қилиш керак?
Яна бир тадқиқотга кўра, совуқ ҳарорат буруннинг турли вирусларга қарши курашадиган иммунитет реакциясини пасайтиради.
Шамоллаш ва гриппга сабаб бўлувчи вируслар, одатда, бурунга нафас олиш ёки тўғридан тўғри алоқа орқали киради. Бурун бўшлиғига бегона вирус киргач, ҳужайралар ўзи учун ёт бўлган нарсани чиқариб юбориш учун фаоллашади. Лекин совуқ ҳаво буруннинг бу шаклдаги иммунитет реакциясини пасайтиради.
Совуқ ҳавога чидамли бўлиш учун
Нафақат грипп бўлиб қолмаслик, балки совуқ об-ҳавода одам ўзини ёмон ҳис қилмаслиги учун ҳам унга тайёргарлик кўриши ва мослашиши керак. Бунинг учун бир қанча усуллар тавсия қилинади.
Одатдагидан кўра, очиқ ҳавода кўпроқ бўлиш. Албатта, совуқда кўчага чиқиш кўпчиликка ёқмайди. Лекин тоза ҳавода кунига камида 2 соат бўлишга эътибор қилиш зарур. Бошда бирданига 2 соат эмас, камроқ кўчада бўлиш, сўнг тоза ҳавода айланиш вақтини узайтириб бориш зарур.
Ўта қалин кийиниб юбормасликка аҳамият қаратиш керак. Кийимлар совуққотмаслик учун етарли бўлса кифоя. Шарф тақишни унутмаслик керак, чунки шарф бўйиндаги қон томирларини иссиқ сақлайди ва мияга ҳам иссиқлик етиб боради.
Уй ҳароратини жуда ҳам иссиқ қилиб юбормаслик, одатий тарзда совуқроқ ичимликлар ҳам ичиб юриш, илиқдан кўра совуққа мойил бўлган душ қабул қилиб туриш ҳам тананинг совуққа бўлган мослашувчанлигини оширади.
Жисмоний фаолликни ошириш. Одатда, инсонлар қишда совуқ пайти камҳаракат бўлиб қолишади ва бу ҳам иммун тизимига таъсир кўрсатади. Аксинча, жисмоний ҳаракатни кўпайтириш орқали танани чиниқтириш лозим. Ҳаракат қилиб турган одам танаси ўзи учун иссиқлик ҳам ишлаб чиқаради.
Тўғри овқатланиш. Оч қолмаслик, витаминга бой таомларнинг рационда бўлишини назорат қилиш керак. Овқатлар таркибида витамин С, Д ва цинк бўлиши керак. Айни шу моддалар иммунитет яхши ишлашига ёрдам беради.
Уйқунинг етарли ва сифатли бўлиши. Иммунитет яхши бўлиши учун етарлича ухлаш ҳам муҳим. Сабаби инсон ухлаётганда унинг иммунитет тизими иммун ҳужайралари ўсиши учун зарур бўлган ситокинларни ишлаб чиқаради. Улар вируслардан ҳимояланишда ҳам муҳим рол ўйнайди. Етарлича ухламаган одамда етарли ситокинлар ишлаб чиқарилмаслиги мумкин.
Бундан ташқари, инсон ўзининг стрессга тушмаётганига аҳамиятли бўлиши, овқат рационида зарарли маҳсулотлар (алкогол, шакар, ўта шўр нарсалар) бўлмаслигини ҳам назорат қилиб туриши керак.
Қайси маҳсулотларни қишда ейиш фойдали?
Қишда сабзавотларга бой шўрвалар энг яхши таом бўла олади. Ҳар кунлик рационда илиқ сут ҳам бўлиши керак. Сут таркибида витамин B12, А, калций ва протеиен бор. Бундан ташқари, сабзи, турп, пиёз, гулкарам ва брокколи каби сабзавотлар, пишлоқ, балиқ ва тухум истеъмолини ҳам кўпайтириш керак.