Тошкент – алоҳида республика эмас, Ўзбекистоннинг бир қисми

Кечадан бери ижтимоий тармоқларда маҳаллийчилик мавзуси яна муҳокама марказига чиқди. Бунга сабаб эса “Тошкент” телеканалида эфирга узатилган мунозарали шоуда қатнашчилардан бири бўлган комик актёр  Музаффар Нуриддинов пойтахт ҳавоси бузилиши ва инфекциялар тарқашининг олдини олиш бўйича “инновацион таклиф” айтгани бўлди.

Унинг айтишича, ҳаво бузилиши ва касалликлар тарқаши пойтахтга келаётган одамлар, вилоятликлар билан боғлиқ. “Шаҳарга киришга вилоятликлар учун янги паспорт тизими жорий қилиб, уч кундан ортиқ юра олмайдиган қилиш керак”, дейди у.

“Ўзи асфалть кўрганмисизлар?..”

Бу каби чиқишлар биринчи марта эмас, афсуски. Сал аввалроқ Beckoff тахаллуси билан фаолият олиб борадиган блогер Х (Тwиттер) тармоғига жойлаган маҳаллийчилик мавзусидаги видеоси кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Фойдаланувчи ушбу видеода вилоятлик блогерларга пойтахтдан кетиш ва ўз ҳудудларидаги муаммоларни ёритиш “таклиф”ини берган.

 Шунингдек, уларни тамагирликда айблаб, “ўзи асфалть кўрганмисизлар?” деган маънода савол қолдирган.

Бу ҳолат кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлган, ўндан зиёд тармоқ фаоллари ҳолатга қонуний баҳо берилишини сўраб, ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган. Айбланувчи блогерга МЖТКнинг 41-моддаси бўйича БҲМнинг 20 баравари (6 млн 800 минг сўм) миқдорида жарима белгиланган ҳам эди.

Бироқ бу хулоса бўлмаган, ушбу хуружлар тез-тез такрорланиб келмоқда. Умуман, бундай фикрлар вақти-вақти билан жамоатчилик ўртасига чиқариб юборилаётгани ортида нима бор? Маҳаллийчилик, одамлар ўртасида турли низоли вазиятларни келтириб чиқаришга уриниш эмасми бу?

Ўзбекни тугатар маҳаллийчилик

“Ўзбекни тугатар маҳаллийчилик” деб айтганлар ҳақ деб ўйлаб қоламан баъзида. Бу нарса жамиятимизда маҳаллаларданоқ дарҳол кўзга ташланадиган хунук ҳолат.

Умуман олганда, пойтахтда қолган вилоятликлар мавзусини аския қилиш қандайдир тенденцияга айланган кўринади. Сюжетларда эса асосан вилоятликлар камситилади: ёки шевасини унутган, ёки босар-тусарини билмай қолган, ёки шаҳар маданиятини ўзлаштира олмаган чапани қиёфаларда намоён бўлишади. Вилоятликларга ҳатто “аватар”, “индейц” деб лақаб ҳам қўйишган. Вилоятликлар эса кўпинча пойтахт аҳлини такаббур, ёлғончи ва “қуруқ” одамлар дея сифатлайди.

Бир онадан турлича характерли ўғил-қиз фарзандлар дунёга келишидан хабардорсиз. Лекин бир онадан туғилган фарзандлар ҳеч қачон бир-бирига сенинг онанг, сенинг отанг, сенинг ватанинг бошқа деб айтмайди. Унда нима учун бир ватан – Ўзбекистон фарзанди бўла туриб, сен водийлик, сен воҳалик, сен тошкентлик, сен «вилоятлик» деган маҳаллийчиликнинг сийқаси чиққан нифоққа тўла, чиркин жумлалар билан ўз томиримизга ўзимиз болта урмоқдамиз?

Конституциявий ҳуқуқларни поймол қилаётган ҳуқуқбузарлар

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг кўплаб моддасида биргина уқтириқ уфуради: Ўзбекистонда барча тенг-тотув яшаши керак! Шундай экан, пойтахтни отасидан қолган мерос, деб ҳис қиладиган барча кимса бошқаларнинг Констутитциявий ҳуқуқларини поймол қилгани учун қонун олдида жавоб бериши керак.

Вилоятлик, қишлақи дея бошлаб инсон шаънини ерга ураётган ҳам, Тошкентда туғилишдан бенасиб Ўзбекистон фуқароларининг Конституцияда кафолатланган ҳуқуқларини очиқдан-очиқ поймол қилаётган ва буни норма деб ҳисоблаётганлар ҳам феълан бир тоифадаги ҳуқуқбузарлардир.

Унутманг, Тошкент – алоҳида республика эмас, Ўзбекистоннинг бир қисми.