Тошкент шаҳрида ҳаво ифлосланиши сабабларини ўрганиб чиққан Экология вазирлиги бу ҳолатни бартараф этиш учун бир қатор таклифларни билдирди. Улар орасида 80 бензиндан воз кечиш, эски машиналарни тақиқлаш, Тошкентда кўмирдан фойдаланмаслик ва бошқалар бор.
Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосига кўрсатилаётган салбий оқибатларни камайтириш мақсадида вазирлик қуйидагиларни таклиф қилмоқда:
▪️“Евро-4” стандартидан паст экологик тоифадаги мотор ёқилғидан (AI-80 русумли бензин) фойдаланишни тақиқлаш;
▪️автотранспорт воситалари тирбандлигини камайтириш ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳри ҳудудида куннинг тиғиз вақтларида (эрталабки соат 07:00дан 10:00га қадар ва 17:00дан 20:00га қадар) юк ташиш учун мўлжалланган, вазни 3,5 ва 12 тоннадан ортиқ машиналар ҳаракатини чеклаш;
▪️2010 йилгача ишлаб чиқарилган барча тоифадаги машиналар ҳаракатланишини тақиқлаш, эгаларига замонавий машиналарга ўтиш учун (электромобил) имтиёзлар, преференциялар ва субсидиялар беришни йўлга қўйиш;
▪️сўнгги йилларда автомобил йўлларида юзага келаётган тирбандликларни камайтириш мақсадида тажриба тариқасида автомобиллар ҳаракатини мақбуллаштириш учун автомобилларни “тоқ ва жуфт” кунларда бошқариш қоидасини жорий этиш;
▪️шаҳарнинг диққатга сазовор марказий кўчаларида машиналардан холи ҳудудларни ташкил қилиш;
▪️жамоат транспортини тўлиқ электр, газ-баллон ёқилғиси ва бошқа муқобил ёқилғи турларига ўтказиш, шунингдек, йўл инфратузилмасини ташкил этиш;
▪️барча турдаги қурилиш объектларини (ижтимоий ва давлат аҳамиятига оид объектлар бундан мустасно) қуришга мораторий эълон қилиш;
▪️Тошкент вилоятининг Тошкент шаҳрига туташ туманларида саноат мақсадларида кўмир ёқилғисидан фойдаланишни тақиқлаш;
▪️микроиқлим мўътадиллигини таъминлаш, атмосфера ҳавоси сифатига ижобий таъсир этиш мақсадида сунъий сув ҳавзаларини барпо этиш;
▪️Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган иссиқлик марказларида захира ёқилғиси сифатида мазутдан фойдаланишни кескин тақиқлаш;
▪️илмий ва пухта ишланган хулосалар асосида шамол тезлигини пасайтириш, тупроқ зарралари кўчишининг олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳри атрофида “яшил белбоғ”лар барпо этиш;
▪️атмосфера ҳавосининг сифат кўрсаткичини доимий эълон қилиб борадиган табло ва мониторлар ўрнатиш.