ИҚТИСОДИЙ ИНҚИРОЗ: 2024 ЙИЛ КИМЛАР УЧУН ОҒИР КЕЛАДИ?

Ўтган 2023 йил иқтисодий тарафлама барча мамлакатлар учун оғир келди. Бугун жаҳон иқтисодиёти тизими бор эътиборини мамлакатлар ривожига катта таъсир ўтказаётган инфляция муаммосига қаратган. Охирги марта бундай иқтисодий таназзул 2008 йилларда рўй берган эди. Ўша йили дунёнинг ярмидан кўп мамлакатлари бошдан-оёқ қарзга ботиб, оғир иқтисодий синишни бошдан кечирган.

Нима сабаб бўлган эди?

Иқтисод соҳаси мутахассисларининг таҳлилларига кўра, сўнгги уч йиллик инфляциясига асосий сабаб 2019 йилда бошланган COVID-19 пандемияси, Россия-Украина уруши ва табиий офатлар сабаб бўлган бўлса, жорий йилда тахмин қилинаётган суст иқтисодий ўсишга геосиёсий муаммоларнинг авж олиши сабаб бўлади.

Ўтган 2023 йилда айниқса, Европа мамлакатлари катта иқтисодий инқироз билан юзлашди. Бунинг асосий сабаби эса, Ғарбнинг Россия табиий ресурсларига бўлган тобелиги эди. Табиийки, Россия ёқилғиси ва энергия таъминотига қўйилган санкциялар Ғарб мамлакатларини хом ашё ишлаб чиқариш ва саноат соҳалари йўлини бутунлай тўсиб қўйди. Ёқилғи ресурсларига тўлақонли боғлиқ бўлган саноат соҳасида ишлар тўхтаб қолди, бозорларда товарлар нархи кўтарилиб кетди, ялпи ишлаб чиқариш фоиз ставкаси тушиб кетди.

Ушбу вазиятдан фақат Америкагина енгил ўтиб кета олди холос. Чунки АҚШ энергиянинг катта қисмини ўзи ишлаб чиқаргани боис, Россия ёқилғисини нисбатан кам импорт қилар эди. Лекин шундай бўлишига қарамай, Америка Қўшма Штатларида инфляция сўнгги 40 йилдаги энг юқори кўрсаткичга етди. Ҳозирда ҳар беш америкаликдан учтаси рўзғорини бут қила олмайди. Мамлакатда айниқса озиқ-овқат маҳсулотлари қимматлашиб кетган.

Европа Иттифоқи ичида инфляция даражаси энг паст бўлган мамлакатлар бу — Франция ва Германиядир. Энергия танқислиги ишлаб чиқариш ва саноат соҳаси фаолиятини чеклаб қўйди.

Буюк Британияда ишсизлар сони кўпайиб кетди. Ҳукумат ишчиларга маош етказиб бера олмагани учун оммавий иш ташлаш авж олди. Британия деҳқончилигидаги даромад асосан иссиқхоналардан келади. Аммо Россия ва Украина уруши сабаб газнинг қимматлаб кетиши иссиқхоналар фаолиятига нуқта қўйди.

Дард устига чипқон. 2024 йил прогнозлари

Иқтисодчиларнинг жорий йилги прогнозларига кўра, бу йил ҳам иқтисодий таназзул давом этиши мумкин. Ривожланиш кўрсаткичлари жуда паст бўлади. Хом ашё товарларининг нархи қимматласада, кредит фоиз ставкаларида бироз енгиллик берилади. Аммо, шунга қарамай, асосий фоиз ставкалари юқори даражада қолаверади. Бу мамлакат қарзларининг янада кўпайишига ва айниқса, тадбиркорлик фаолияти ва ишлаб чиқариш соҳасида талай муаммоларни юзага келтириб чиқаради. (https://globaleurope.eu/globalization/european-economic-outlook-2024-slow-recovery-with-geopolitical-risks/)

Иқтисодни бошини ейдиган иккинчи асосий омил эса, авж олиб бораётган геосиёсий кескин можаролардир. Табиийки, келишмовчиликлар ортидан санкциялар сони ортиб боради. Товарлар алмашинуви жараёни издан чиқади. Экспорт ва импорт сурати сустлашади. Афсуски, занжирдек уланиб кетган бу муаммолар нафақат Европа балки, Марказий Осиё минтақаларини ҳам чеклаб ўтмайди…