Бир муддат аввал русларнинг НТВ телеканалидаги «ток-шоу»да россиялик псевдотарихчи Михаил Смолин 1917 йилга қадар ўзбеклар, қозоқлар ва озарбайжонлар миллат сифатида мавжуд бўлмаганини иддао қилиб чиққани ҳақида хабар берилган эди.
Ўз навбатида, Смолиннинг шовинистик қарашлари Россиянинг марказий телеканалларидан бирида узатилгани ўзбек жамоатчилиги ўртасида турли баҳс-мунозараларга, эътирозларга сабаб бўлди. Бугун кўпчилик Россиянинг пропаганда каналларини Ўзбекистонда чеклаш керак деган фикрда.
Бу суверенитет масаласи
Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб Россиянинг барча рус пропоганда каналлари ёпилиши керак вассалом! Бу суверенитет масаласи! — деб ёзади Расул Кушербаев.
Шунингдек, у рус пропоганда телеканаллари ва интернет тармоқларини ёпиш масаласини кўтараётганимиз айрим каналларни хавотирга солиб қўйган кўринади, деган фикрда:
«Ўзбекистондаги барча рус пропоганда телеканаллари ва интернет тармоқларини ёпиш масаласини кўтараётганимиз айрим каналларни хавотирга солиб қўйган кўринади.
Мен улар айтганидек, «грамотный политик»ликка даъво қилмайман. Шунчаки, мамлакат суверенитетига таҳдид, халқ ва миллат шаънига доғ тушириш, таҳқирлашга уринишларга жим қараб тура олмайдиган, бу ўринда эмоцияга ҳам бериладиган оддий Ўзбекистон фарзандиман холос! «
Уларнинг хатти-ҳаракатида фашизмнинг қўланса ҳиди анқийди
Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Мирзо ҳам бу борада ўз фикрларини билдириб, хорижий давлатлар пропагандасига хизмат қилаётган ОАВни Ўзбекистонда чеклаш масаласи кун тартибидаги долзарб масалалардан бири эканини таъкидламоқда.
«Гарчи маданиятсизларча ва калтабинларча бўлса-да, шовинизмининг асосий башарасини кўрсатувчи ушбу «сиёсий қараш» истибдод кишанларини парчалаб, неча минг йиллик ўз миллий давлатчилигини қайтадан тиклаган элу юртларни мана шундай олчоқ ғоялари билан руҳан чўктиришга уринишдир. Акс ҳолда уларга бундай медиа имконият яратиб берилмаган бўларди», – дейди Минҳожиддин Мирзо.
Шунингдек, Марказ раҳбари Смолиннинг Ўзбек миллий давлатчилигини уч ярим минг йиллик тарихга эгалигидан бехабар эмаслигини, бироқ унинг шовинизм билан «эмланган тафаккури азалдан буюк давлат, буюк тарих, буюк маданият яратган халқнинг кимлигини тан олгиси келмаслигини айтади.
«Бугун шовинистик пропаганда юзидаги ниқобни йиртиб, ўзининг ҳақиқий башарасини намойиш қилар экан, уларнинг хатти-ҳаракатида фашизмнинг қўланса ҳиди анқийди… Афсуски, шовинистларнинг жиноий ҳаракатлари ўзларининг жамоатчилиги томонидан қўллаб-қувватланаётгани ўта аянчлидир. Аслида, Михаил Смолин ва унга ўхшаш «сиёсатдон»ларнинг оғзида айланаётган «тил» қора ният эгасининг тилидир.
«СССР» деб номланган, аллақачон тарих ахлатхонасига итқитилган империяни тирилтириш – амалга ошириб бўлмайдиган хом-хаёлдан бошқа нарса эмас. Тарихдан яхши биламиз: фақат олчоқлик ва зўравонлик билан кун кўрган бу «империя» зулук сингари бошқа халқларнинг меҳнати орқали «яшаб» келган. Бугун прилепинлар, смолинлар яна ўша «совет»нинг истибдод асосига қурилган тузумини қўмсаб айюҳаннос солишмоқда», – деб ёзади Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари.
У, шунингдек, жамиятни бундай хуружлардан, заҳарли ғоялардан сақлаш учун Ўзбекистондаги хорижий давлатлар пропагандасига хизмат қилаётган барча радио-телеведение каналлари ҳамда интернетдаги сайтларини зудлик билан чеклаш масласини кўриб чиқишни вазиятнинг ўзи тақозо этаётганини таъкидлайди.
Марказий Осиёда Россия телеканалларига қўйилган чекловлар
Журналист Аброр Зоҳидов эса Марказий Осиёда Россия телеканалларига қўйилган чекловлар ҳақида маълумот берган:
«Марказий Осиёда Россия телеканаллари ёппасига чекловларга дуч келмаган. Лекин жамоатчилик ва зиёлилар орасида рус каналларини чеклаш ва уларга қарши ахборот ресурсларини кучайтириш масаласи ўртага ташланади. Лекин шунга қарамасдан Марказий Осиё рус ахборот оламининг кучли босими остида қолмоқда.
Масалан, Қозоғистонда Украина уруши бошлангач, пропагандачи каналларни тақиқлаш бўйича петиция 6 мингдан ортиқ овоз тўплаган. 2024 йил бошида Қозоғистондаги сунъий йўлдош ва Интернет телевидениеси оператори TVCOM Россиянинг бир қанча телеканалларини, жумладан, «Первый канал»ни ҳам эфир жадвалидан чиқариб ташлади. Қарор ахборот кун тартибига эга каналлар сонини қисқартириш доирасида қабул қилинган.
Туркманистон ва Қирғизистонда 2022 йилнинг майида рус телеканаллари узатилиши тўхтаб қолди. Бунга АҚШ ва Европа томонидан киритилган санкциялар сабаб қилиб келтирилди. Кейинчалик эфирлар тикланди.
Тожикистонда ўтказилган тадқиқотга кўра, гарча рус каналлари таъсири сақланиб қолаётган бўлса-да, мамлакатда ўзбек ва форс кўнгилочар телеканалларига қизиқиш кучаймоқда. Бу ерда ҳам тақиқ масаласи расмий миқёсга кўтарилгани йўқ.
Таъкидлаш жоиз, Россия пропагандага алоҳида аҳамият қаратади ва аҳолиси оч-яланғоч қолса-да, катта пул ажратишдан тўхтамайди. Украинада уруш бошлангач, мамлакатнинг Ўзбекистондаги элчиси Микола Дорошенко Ўзбекистонда рус каналларини тақиқлаш бўйича расмийларга сўров юборганди. Аммо мамлакатда каналлар транслацияси давом этмоқда.