Фирибгарликда айбланиб, қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқароси Туркиядан депортация қилинди

Истанбулдаги бош консулхонанинг хабар беришича, фирибгарликда айбланиб Туркияда қўлга олинган аёл Ўзбекистонга депортация қилинди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон ва Туркия Ички ишлар вазирликлари ҳамкорлигида ўтказилган навбатдаги тезкор тадбир давомида фуқароларнинг кўп миқдордаги пул маблағларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштиришда айбланиб, 2016 йилдан буён Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги томонидан қидирувда бўлган 66 ёшли Р.Х. жорий йилнинг 13 январь куни Истанбул шаҳрида қўлга олинган.

28 январь куни фуқаро Р.Х. Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси дипломатлари иштирокида Истанбул халқаро аэропортидан Ўзбекистонга депортация қилинган.

Ушбу шахснинг хати-ҳаракатларидан жабр кўрган фуқаролардан Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонасига ёки Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилиш сўралади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ халқ орасида “Мадам Клод” тахаллуси билан танилган, одам савдоси жиноятини содир этганликда айбланиб, қидирувда бўлган Нилуфар Мирханова ушланганди.