Президент йиғилишида аҳоли учун қулай инфратузилма, сифатли таълим ва тиббий хизматлар, юқори даромадли иш ўринлари ҳамма шаҳарларда ҳам бирдек ривожланмаётгани кўрсатиб ўтилди.
Давлат раҳбари мутасаддилар аҳоли пунктларининг бош режалари ва батафсил режалаштириш лойиҳаларини ишлаб чиқишни ўз ҳолига ташлаб қўйганини танқид қилди.
Таъкидланишича, айрим жойларда ноқонуний қурилишлар аниқланмоқда. Ўтган йилнинг ўзида 4 мингга яқин бундай ҳолат аниқланган. Шунингдек, сўнгги икки йилда кўп қаватли уйларга туташ майдонларда 7 мингдан ортиқ ўзбошимча қурилиш бўлган, яна 5 мингта ҳолатда умумий фойдаланишдаги жойларни тўсиб
олинган.
Ҳудудларда, айниқса, Тошкент шаҳрида кўп қаватли уйлар атрофида ноқонуний автомобиллар учун тўхташ жойлари қилиб, “блокатор”лар ўрнатиш авж олмоқда.
Умуман, кўчаларнинг ягона қиёфасига амал қилиш тизими йўқлиги, масалан, турли услубдаги бинолар ёнма-ён қурилиб, шаҳарларнинг архитектура қиёфаси бузилаётгани қайд этилди.
Йиғилишда ўзбошимчалик билан ва ноқонуний қурилган объектларни тартибга олиш бўйича мутлақо янги тизим жорий қилиниши белгиланди. Бунда, Қурилиш вазирлиги, Кадастр агентлиги ва “Ўзбеккосмос” бошчилигида республика комиссияси тузилади.
Комиссия мунтазам равишда ҳудудларнинг аэро ва космик суратларини олиб, таҳлил қилади ва олдинги суратлар билан тафовутларни аниқлайди ва ноқонуний қурилишлар рўйхатини шакллантиради.
Қурилиш вазирлигига вилоят ҳокимлари билан бирга жорий йилда 170 та, келаси йилда эса камида 300 та шаҳар ва шаҳарчанинг бош режасини ишлаб чиқишга топшириқ берилди.
Шунингдек, ҳар бир ишлаб чиқилган режани аҳоли билан муҳокама қилиш ва ижроси бўйича жамоатчилик назоратини ўрнатиш муҳимлиги таъкидланди. Бунинг учун “Менинг ҳудудим” платформаси ишга туширилиб, шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқишда жамоатчилик фикрини ўрганиш ва овоз бериш механизмини жорий қилиш топширилди.