Тарқалаётган гап-сўзларга қараганда, Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясида барча хорижий фильмларга чекловлар ўрнатилаётган экан. Бу тақиқ ва чекловлар нафақат давлат телеканалларига, ҳаттоки, хусусий телеканалларга ҳам тааллуқли эканлиги айтиляпти. Шу кунларда МТРКнинг барча телеканалларида соат 16:30 дан 23:00 гача хорижий фильмларни бериш тақиқланган. Афтидан бу миш-мишлар ҳақиқат, сабабки кечадан буён телеканалларда асосан ўзбек кино маҳсулотлари бериляпти.
Бизда қурол йўқми?
Тўғри, бир тарафдан хориж менталитетига хос характерли фильмлар бизнинг ахлоқ чегараларимизни тепиб ўтиб, айниқса ёшлар онгига салбий таъсир ўтказаётган эди. Аммо нега мамлакатимиздаги ТВ каналларда ташқи кучга қарши қурол бўла оладиган савияли, томошабинни ўзига қаратиб оладиган телекўрсатувлар бера олмаяпмиз? Ўша хорижий контентга муқобил жавоб ва ҳимоя бўладиган контент билан томошабинни оғдириб олиш керак эмасми аслида?! Ё бунга қурбимиз етмайдими?
Хориж «вируси»га ўзбекча даво
Кино санъати инсон онгига таъсир ўтказувчи катта куч. Айни у орқали миллионлаб инсонларнинг мантиқ тамойилларини оёғини осмондан қилиб юборса бўлади. Мана шу қурол орқали ўз пропагандасини сингдираётган хориж ҳам нима қилаётганини жуда яхши билиб турибди. Аммо бу босим ва таҳдидни тўхтаман, деб бутун бошли “запрет”ни ўрнатиш ҳеч қанақасига муқобил ечим бўла олмайди. Муаммодан қочиш эмас, касалини топиб, даволай олиш керак. Даволаш учун эса керакли дори-дармон зарур.
Хўш, бизда хориж “вируси”га қарши чиқа оладиган сифатли ўзбек “вакцина”си борми? Йўқ, албатта! Ўзбек кинематографияси бир тийинга қиммат, сифатсиз кинофильмлар билан тўла. Теленовеллалардан тортиб сериалларгача фақат қайнона-келин, эр-хотину ўйнаш мавзуси. Бу нима деган гап? Бизнинг фикрлаш доирамиз шунчалик торми? Ожизмизми шунчалик? Мана шу ожизликни яшириш учун бутун бошли чекловни ўрнатиш ҳамманинг кўзини мажбурлаб болғалашдек бир гап. Бу усул қайси очиқ мамлакат тамойилларига тўғри келади?! Зеро, биз авторитар эмас, демократик давлат фуқароларимиз.
МТРКга янги раис тайинланганда кўпчилик тақиқларни эмас, очиқликни, халқнинг ўй-фикрлари, дарду ташвишларини кўпроқ экранга олиб чиқилишини кутган эди. МТРКнинг янги раиси Абдурашид Жўрабоев ҳам наҳотки “эскича усул”ни маъқул кўраётган бўлса…