Кейинги йилларда мамлакатимизда илм-фан ва таълим ривожига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қабул қилинган қонунлар, Президент фармонлари ҳамда ҳукумат қарорлари олий таълим муассасалари (ОТМ) ва Илмий-тадқиқот ташкилотлари (ИТТ)да олиб борилаётган илмий ишлар самарадорлигини ошириш ва қўлга киритилган илмий натижаларнинг амалиётга тадбиқ этилишини таъминлашга қаратилган. Мамлакатимиз илмий-техникавий пойдеворини мустаҳкамлаш, мамлакат келажаги учун ёш илмий ва илмий-педагог кадрларни тарбиялаш тизими ҳам ислоҳ этиляпти. ОТМ ва ИТТларида меҳнат қилаётган илмий ходимларнинг меҳнатини моддий рағбатлантириш ҳам ҳукумат эътиборидан четда эмас. Бу хусусда, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йилнинг 24 декабрида қабул қилган “Илм-фан ва таълим соҳасидаги давлат ташкилотларида илмий, илмий-педагогик ва меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи илмий даражага эга ходимларга қўшимча ҳақ тўлаш тартиби тўғрисида”ги 1030-сонли қарори ОТМ ва ИТТларида фаолият юритаётган илмий даражага эга ходимларнинг илмий ютуқлари ва илмий-услубий фаолияти натижаларини моддий рағбатлантиришда муҳим қадам бўлди. Бу қарорнинг чиқиши мамлакатимиз илм аҳлини жонлантирди десак муболаға бўлмайди.
Шу ҳужжат ортидан илмий жамоа ва ҳар бир илмий ходим, профессор-ўқитувчи ва педагогларда моддий манфаат пайдо бўлди. Қарор, албатта, мукаммалликдан йироқ, ягона тамойилларга асосланмаган ва шу сабаб адолатли ва соғлом рақобатли илмий муҳит яратиш масаласида оқсоқ бўлса-да илм-фан аҳли томонидан қувонч билан кутиб олинди. Кейинги йиллар мобайнида бу қарор бир-неча марта қайта кўриб чиқилди ва такомиллаштирилди, десак бўлади. Аммо, қарорда ҳали ҳам шундай банд мавжудки, унинг ҳали ҳам амал қилиши ОТМ ва ИТТларидаги илмий муҳитнинг яхшиланиши ва соғлом рақобат пайдо бўлишига салбий таъсир қилмоқда. Қолаверса, ОТМларида ишлаётган педагогларимиз ва мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги обрўсини туширмоқда.
Гап ҳукуматнинг 2019 йил 24 декабрдаги 1030-сон қарори 1-иловасидаги “Илм-фан ва таълим соҳасидаги давлат ташкилотларида илмий, илмий-педагогик ва меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи илмий даражага эга ходимларга қўшимча ҳақ тўлаш тартиби тўғрисида” Низомнинг 2-боб (Олий таълим, кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш ташкилотларида қўшимча ҳақ белгилаш талаблари, миқдори ва муддатлари), 9-банд, л) пункти ҳақида бормоқда. Бу бандга кўра илмий, илмий-оммабоп журналлар таҳрир ҳайъати аъзолиги учун: маҳаллий журналларда лавозим маошига нисбатан 15 фоизгача ва хорижий журналларда лавозим маошига нисбатан 30 фоизгача ҳар ойда устама ҳақ бериш белгиланган. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бу банд билан ҳукумат мамлакатимиз олим-педагогларининг республика ва халқаро даврада тенг ва рақобатчи бўлиб, нуфузли илмий журналлар фаолиятига қўшган ҳиссасини тан олибгина қолмай, балки уларнинг бундай фаолиятини рағбатлантиради ҳам.
Илмий журналлар таҳрир ҳайъатига аъзо бўлиш – бу ўта шарафли ва масъулиятли вазифа ҳисобланади. Илмий журнал таҳрир ҳайъатига, қоида тариқасида, фақат ва фақат ўз соҳасида катта обрў ва нуфузга эга бўлган илмий ходим аъзо қилиб танланади. Халқаро миқёсда танилган, Web of Science ёки Scopus маълумотлар омборидан жой олган илмий журналлар, одатда, журнал таҳрир ҳайъати аъзолари сифатида етук мутахассисларни жалб қилади. Шу билан бирга, бундай журналлар таҳрир ҳайъати аъзоларини миллий таркиб бўйича байналминал ва турли мамлакатлардан бўлишига алоҳида эътибор қаратилади. Шу сабаб, мамлакатимиз олим-педагоглари халқаро журналлар таҳрир ҳайъати рўйхатидан жой олса, бу мамлакатимиз, шу олим-педагог фаолият юритаётган ОТМ ёки ИТТ, факультет, кафедра ва олим-педагогнинг шахсий ютуғидир. Бу каби олимлар ҳукуматнинг 1030-сонли қарорида назарда тутилган устама ҳақини, жумладан журналлар таҳрир ҳайъати аъзоси сифатида, олишга муносиб, албатта. Аммо, кейинги пайтларда баъзи ОТМларининг илмий даражага эга педагоглари, асосан интернет тармоғида ўрин олган, аллақандай “илмий журналлар” таҳрир ҳайъати аъзолари сафидан ёмғирдан кейин чиққан қўзиқориндек потирлаб жой олиши кузатилмоқда.
Албатта, шахс эркин, у ўзи хоҳлаган илмий ва ижодий уюшмаларга қўшилиш ҳуқуқига эга. Масала шундаки, интернет тармоғидан ўрин олган бундай “илмий журналлар” таҳрир ҳайъатида Ўзбекистонлик олим-педагоглар улуши ниҳоятда юқорилаб кетди. Улардаги таҳрир ҳайъатининг аксарияти Ўзбекистонлик олим-педагоглар! Бу нормал ҳолатми? Таҳрир ҳайъати аъзоларини фақат битта мамлакат олимларидан тузиш Web of Science ва Scopus маълумотлар омбори рўйхатига кирувчи нуфузли илмий журналга хосми? Ҳақиқий илмий журналларда шундай ҳол бўлиши мумкинми?
Албатта, йўқ! Ўзини ҳақиқий илмий журнал деб атовчи журналда бундай ҳолат юз бермайди! Фақат ва фақат илмдан йироқ “псевдо-илмий” ёки ғирром журналлардагина шундай аҳвол кузатилиши мумкин.
Интернетда ўзига илмий журнал номини берувчи манбалар жуда кўп.
Масалан, SCHOLAR EXPRESS JOURNALS веб платформаси 4 та журнал тақдим қилади:
1) The World Bulletin of Management and Law (WBML);
2) The World Bulletin of Social Sciences (WBSS);
3) The World Economics & Finance Bulletin (WEFB);
4) The World Bulletin of Public Health (WBPH)
https://scholarzest.com/ веб платформаси ҳам 4 та журнал тақдим қилади:
1) European Scholar Journal (ESJ);
2) European Journal of Humanities and Educational Advancements (EJHEA);
3) European Journal of Research Development and Sustainability (EJRDS);
4) European Journal of Agricultural and Rural Education (EJARE).
GENIUS JOURNALS PUBLISHING GROUP веб платформаси журналлари:
- Eurasian Scientific Herald (ESH)
- Eurasian Research Bulletin (ERB)
- Eurasian Journal of Learning and Academic Teaching
- Eurasian Journal of Humanities and Social Sciences (EJHSS) i
- Eurasian Journal of History, Geography and Economics (EJHGE)
- Eurasian Journal of Research, Development and Innovation (EJRDI)
- Eurasian Medical Research Periodical (EMRP) i
- Eurasian Journal of Physics, Chemistry and Mathematics (EJPCM)
- Eurasian Journal of Media and Communications (EJMC)
- Journal of Architectural Design (JAD)
- Eurasian Journal of Engineering and Technology (EJET)
Eurasian Journal of Engineering and Technology (EJET) веб платформаси журналлари:
ResearchParks https://journals.researchparks.org/ веб платформаси 4 та журнал тақдим қилади:
1) International Journal of Human Computing Studies (IJHCS);
2) International Journal on Orange Technologies (IJOT);
3) Journal on Economics, Finance and Sustainable Development (IJEFSD);
4) International Journal of Human Computing Studies (IJHCS).
http://(https://webofjournals.com/) Web of Journals журналлари:
1) Web of Scientists and Scholars: Journal of Multidisciplinary Research;
2) Web of Teachers: Inderscience Research;
3) Web of Discoveries: Journal of Analysis and Inventions;
4) Web of Medicine: Journal of Medicine, Practice and Nursing;
5) Web of Technology: Multidimensional Research Journal;
6) Web of Agriculture: Journal of Agriculture and Biological Sciences;
7) Web of Humanities: Journal of Social Science and Humanitarian Research.
GLOBAL RESEARCH NETWORK JOURNALS веб платформаси журналлари:
1) American Journal of Public Diplomacy and International Studies;
2) American Journal of Pediatric Medicine and Health Sciences;
3) Intersections of Faith and Culture: American Journal of Religious and Cultural Studies;
4) American Journal of Engineering, Mechanics and Architecture;
5) American Journal of Science on Integration and Human Development;
6) American Journal of Language, Literacy and Learning in STEM Education;
7) Information Horizons: American Journal of Library and Information Science Innovation;
http://(https://zienjournals.com/) Zien Journals Publishing журналлари:
1) Texas Journal of Medical Science;
2) Texas Journal of Philology, Culture and History;
3) Texas Journal of Engineering and Technology;
4) Texas Journal of Agriculture and Biological Sciences;
5) Journal of Pedagogical Inventions and Practices;
6) Texas Journal of Multidisciplinary Studies;
7) Zien Journal of Social Sciences and Humanities.
Рўйхатдаги бу “псевдо-илмий” журналларнинг педагоглар орасида оммалашиб боришида баъзи телеграм каналлар “хизмати” катта бўляпти. Шундай телеграм каналлардан бири “Scopus & Web of science publication” номи остидаги бўлиб, канал тавсифини ўқиб ҳайрон қоласиз: Ушбу канал барча турдаги (Scopus, Web of science, Impact factor, ОАК) журналлар ва конференцияларда мақола чоп этишга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган!
Ўта шубҳали мақсад ва фаолият эмасми бу?!.
Юқоридаги рўйхатдан кўриб турганимиздек, “псевдо-илмий” журналлар ўзларига бинойидек ном қўйиб олишган. Одамни қизиқтириш, аниқроғи чалғитиш мақсадида “Eurasian …”, “European …”, “International …”, “American …”, “Texas …” ва ҳатто “World …” сўзларидан фойдаланишган. Веб саҳифаларига турли хил агентликларнинг юқори кўрсаткичларини кап-катта қилиб ёзиб олишган. Масалан, “SJIF Impact Factor 2024 – 8.348” деб ёзишган.
Аммо, не кўз билан кўрайликки, бу журналлар атайлаб Ўзбекистонликлар учун ташкил этилгандек, чунки унда чоп этилаётган мақолаларнинг аксари ҳам Ўзбекистонлик муаллифлардир (юқоридаги веб саҳифаларни очиб кўриб ўзингиз танишишингиз мумкин). Қизиғи, бу “псевдо-илмий” журналлар таҳририят аъзолари ҳам ўзимизнинг “қора-кўзлар”дан иборат. Ўзимизни ўзимиз алдаб нимага эришамиз? Бундай кўзбўямачилик кимга керак? Нимага керак?
“Eurasian …”, “European …”, “International …”, “American …”, “Texas …”, “World …” “псевдо-илмий” журналлар у ёқда турсин, бизнинг баъзи “уддабурон” педагогларимиз ҳатто галактика миқёси ва нуфузидаги “псевдо-илмий” журналлар таҳририятини ҳам “эгаллаб” олишган. Ўқувчи буни қуйида: Galaxy International Interdisciplinary Research Journal (GIIRJ) манзилдан текшириб кўриши мумкин.
Яқин ўтмишда, Ўзбекистонлик олимлар “ғирром” псевдо-илмий журналлар (Predatory journals)да мақолалари билан халқаро майдонда пешқадамлик қилишаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Мана энди, Ўзбекистонлик олим-педагоглар “ғирром” псевдо-илмий журналлар таҳрир ҳайъатини тўлдираётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Шу ўринда, яна кўп саволлар туғилади. Бундай ҳолат педагогларимиз обрўсига салбий таъсир кўрсатмайдими? Мамлакат обрўсига-чи? Бу билан педагогларимиз ёшларга қандай ибрат кўрсатади? Буларни кўрган, эндигина илм йўлида қадам ташлаётган ёш олимлар (магистрантлар ва докторантлар) устозлари изидан юриб, улар ҳам шундай йўл тутмаслигига қандай кафолат бор? Саволлар кўп, ечим топиш муаммо…
Таҳлил шуни кўрсатмоқдаки, турли интернет манбаларидан жой олган “псевдо-илмий” журналлар таҳрир ҳайъатига аъзо бўлишга юқоридаги 1030-сонли қарор 1-иловасидаги Низомнинг 2-боб, 9-банд, л) пункти шартлари жозибали бўлиб чорлаётганига шубҳа йўқ. Бу жозиба – устама ҳақ олишдир.
Қаранг, устама ҳақ олиш учун педагог олимларимиз қай тарзда “псевдо-илмий” журналлар таҳрир ҳайъати аъзоларига айланмоқда. Шубҳасиз, педагог олимларимиз онгли равишда “псевдо-илмий” журналлар таҳрир ҳайъатига қўшилмоқда. Мақсад ва муддао аниқ ва равшан: моддий манфаат олиш! Хўш, “псевдо-илмий” журналлар таҳрир ҳайъатига қинғир йўллар билан қўшилиш ҳуқуқий томондан қандай малакаланиши мумкин? Фирибгарлик эмасми бу?.. Шунда, ҳақли равишда “псевдо-илмий” журналлар таҳрир ҳайъатидан жой олган шахсларни “фирибгар-педагоглар” ёки “псевдо-олимлар” ёки “псевдо-педагоглар” деб атаса бўладими? Ё, адашганлар дебми? Адашган десак, юқоридаги “псевдо-илмий” журналлар таҳрир ҳайъатида илмий даража бўйича фан номзодлари, фалсафа докторлари (PhD), фан доктор (DSc)ларини, шунингдек, илмий унвонлар бўйича, доцент, катта илмий ходим ва ҳатто профессорларни учратиш мумкин. Қандай қилиб бундай тоифадаги “фозил” одамларни адашганлар дейиш мумкин?
Лавозимига кўра эса педагоглар орасида оддий ўқитувчидан тортиб профессоргача, илмий ходимлар орасида кичик илмий ходимдан катта илмий ходимгача бор. Бошқарув раҳбариятига мансуб амалдорларни ҳам “псевдо-илмий” журналлар таҳрир ҳайъати таркибида кўриш мумкин: ОТМ илмий ишлар бўлими бошлиғи, деканлар ва уларнинг ўринбосарлари, собиқ ва амалдаги илмий ишлар проректори, собиқ ва амалдаги ректор. Жўғрофия жиҳатидан “псевдо-илмий” журналлар таҳрир ҳайъати республикамизнинг деярли барча вилоятини ва ОТМ ва ИТТ қамраб олган десак бўлади. Буни бир “бало” дейиш керакми? “Псевдо-илмий” журналлар таҳрир ҳайъатига кириш балоси, қандайдир “эпидемия”…
Таклиф: Ҳукуматнинг 1030-қарори 1-иловасидаги Низомнинг 2-боб, 9-банд, л) пункти шартларида фақат ишончли нашрлар, илмий ихтисослашган ва илмий-оммабоп журналлар таҳрир ҳайъати аъзолик талаби киритилиши лозим. Масалан, чет эл журналлари Elsevier, Springer, Wiley, Verlag, World Scientific, Nature, Taylor&Fracis, Cambridge university Press, American Association for the Advancement of Science каби журналлар бўлиши мумкин.
Муаммо Низом бандини ўзгартириш билан ҳал бўладими? Албатта, йўқ. Низом банди талабларини ўзгартириш осон, аммо, педагогларимиз онг-шуурини, “псевдо-илмий” журналларга бўлган муносабатини ўзгартириш янада қийин масала ҳозирги кунда.
Шу сабаб, ОТМ ва ИТТларидаги мутассадди бўлимлар ўз ходимлари билан илмий этика (одоб) ва “псевдо-илмий” журналлар билан муносабатда бўлмаслик ҳақида тушунтириш ишларини янада такомиллаштириши лозим. Бу ишларни амалга оширишда ОТМларидаги “устоз-шогирд” анъанасидан самарали фойдаланиш зарур. “От изини той босар” деганидек, шогирд ҳам устоз изидан боради. Устози йўл-йўриқларига қулоқ солади, маслаҳатларига амал қилади. Устози “псевдо-илмий” журналлар таҳрир ҳайъатига аъзо бўлмаса, шогирди ҳам аъзо бўлмайди.
Мутассадди ташкилотлар юқорида битилган фикр-мулоҳаза ва таклифлар тўғрисида ўйлаб кўради, деб умид қиламан.
Б.Я. ЯВИДОВ,
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти
Физика-математика факультети
“Физика ўқитиш методикаси” кафедраси доценти,
физика-математика фанлари доктори
P.S. Республикамизда педагоглар ва илм-фан ходимлари кўп. Ўз вазифасига том маънода вафодор, фидойи, ватанпарвар педагог ва илм-фан аҳли олдида бош эгаман. Уларга ҳурматим баланд. Улар орасида устозларим, ҳамкасбларим ва мен танимайдиган, бутун мамлакатимиз бўйлаб меҳнат қилаётган педагоглар ва илмий ходимлар бор. Юқоридаги мақола асло улар ҳақида эмас!