Ўзбекистонда ўқувчиларнинг 14 мингдан зиёди мактабга мунтазам бормаётгани аниқланди. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бошқарма бошлиғи Азамат Камолов маълумот берди.
Охирги таҳлилларга кўра, 6 миллион ўқувчидан 14 минг нафардан зиёди муттасил равишда дарсга келмаётгани аниқланган.
«Уларнинг ҳар бири бўйича МФЙ раиси, „маҳалла еттилиги“ ва инспектор-психологлар билан ҳамкорликда ўрганишлар олиб борилмоқда ва таълимга қайтариш чоралари кўрилмоқда. Натижада 9 мингдан ортиғи таълимга қайтарилди. Айни пайтда 5 минг нафар ўқувчи бўйича ҳам ўрганиш ишлари олиб бориляпти», — деди вазирлик вакили.
2023 йилда фарзанди тарбиясида масъулиятсизлик қилган 12 мингдан ортиқ ота-она Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси 1-қисми (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) билан жавобгарликка тортилган.