Ўзбекистонда педофиллар учун жазо тури нисбатан енгил бўлиб, бу жиноятни қилганларга 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.
Бу кўпми ёки кам? Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 2023 йилнинг дастлабки 6 ойи давомида 15 нафар жиноятчи 14 ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш, 44 нафар жиноятчи 14 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан зўрлик ишлатиб, қўрқитиб ёки жабрланувчининг ожизлигидан фойдаланиб, жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш, 163 нафар жиноятчи 16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш, 35 нафар жиноятчи 16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлари билан жиноят содир этган. Етимхонадаги хўрланган гўдаклар воқеаси эса буни эшитган барчани дилини ўйиб, қаттиқ ғазаблантиргани аниқ.
Содир этилган мана шу жиноятлар замирида ҳам ўша “арзимаган” 3 йиллик жазо турмадимикан?! “Жазо – енгил, буёғи бемалол” деган хотиржам кайфиятда бўлмаганмикан ўша жиноятчи?!.
Педофилия касалликми? Унга муносабат қаерда қандай?
Педофил руҳий касаллик билан боғлиқ парафилиянинг бир тури бўлиб, касалликнинг аниқ сабаблари ҳали ҳам номаълум, аммо тиббиёт педофилияни ривожланиш хавфини оширадиган бир қатор омилларни аниқлади. Бу ақлий психиканинг етук эмаслиги, унинг майллари катталарга эса болаларга қаратилган бўлади. Ва уни даволаш деярли имконсиз.
Марказий Осиё давлатлари ичида фақатгина Қозоғистон педофиллар учун аёвсиз муносабат ва оғир жазони кўзда тутган янги қонун ва тадбирлар ишлаб чиқди. Қозоғистонда бундан буён бу жиноятни қилиш тугул, мамлакат остонасига педофилларнинг қадами етмаслиги таъминлаб қўйилди. Уларга нисбатан жарроҳлик кастрациясини амалга ошириш ҳақидаги таклиф эса, нафақат Қозоғистон, балки бутун марказий Осиё мамлакатларида шов-шувли муҳокамаларга сабаб бўлди.
Бир томондан олиб қаралса, бу жирканч жиноят учун таклифга киритилган ушбу жазони жуда тўғри ёндашув деб ҳисоблаш керак. Айрим мамлакатларда жарроҳлик жазоси бир четда қолиб, жиноятчилар учун ўлим муқаррар бўлади. Бу оғир жазодан қўрқиш ҳисси жиноятлар сонини ва унга бўлган ҳаракатни ҳам бутунлай чеклаб қўяди. Тўғри, қонунчилигида ўлим жазосини бекор қилган мамлакатлар кўп, аммо бу ҳолат жирканч жиноят учун жазони енгиллаштириш учун асос бўлмаслиги шарт.
Масалан, Туркманистонда худди Ўзбекистон каби педофилларга 3 йиллик қамоқ жазоси берилади, баъзи ҳолларда эса, 9900 АҚШ долларигача жаримага тортилади.
Қирғизларда ҳам бу жиноят учун жазо анчайин енгил. Уларга нисбатан 1 йилдан 3 йилгача қамоқ жазоси берилади ва педагог касбида ортиқ фаолият юритиши тақиқлаб қўйилади.
Тожикистон қонунчилигида педофил жинояти учун 3 йилдан 5 йилгача, агар жиноятчи ОИВ билан касалланган бўлса, 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилади.
Аяб ўтирмайдиган мамлакатлар қайсилар?
Европа мамлакатлари ушбу ҳолатга анчайин жиддий қарайди ва жиноятчиларга жазо беришда уларни аяб ўтиришмайди. Масалан, Африка давлатлари, Ироқ, Эрон, Саудия Арабистони, Хитойда болаларга нисбатан жинсий жиноятлар учун ўлим жазоси белгиланган. Ҳаётдан маҳрум қилиш усули педофилни ўлим қўрқуви билан тўхтатиш мумкин деб ҳисоблашади. Яманда бундай жиноятчилар омма олдида қатл қилинади. Бир неча йил олдин мамлакатда педофиллар учун жарроҳлик кастрация ва ўлим жазосини назарда тутувчи қонун қабул қилинган.
Францияда педофилга нисбатан биринчи марта 2005 йилда ўз хоҳиши билан кимёвий констранция ўтказилишига рухсат берилди. Ундан ўтишга рози бўлмаган педофил умрининг охиригача психиатрия шифохонасида қолади ёки 20 йиллик қамоқ жазосига маҳкум қилинади. Германияда жиноятчилар 15 йилга панжара ортига кетади.
Чехияда педофиллар белгиланган муддатни ўтаб бўлгандан кейин ҳам айбдор суд ва шифокорлар томонидан жамият учун хавфли деб топилса, қолган умрини психиатрия шифохонасида ўтказиши мумкин. Вариант сифатида уни озод қилиш учун жарроҳлик кастрация қилиш таклиф этилади. Айтганча, 30 йил давомида 115 киши ушбу процедурага рози бўлган.
Инсоний тамойиллардан келиб чиқиб, ўлим ҳукмини мутлақо тўғри ечим деб бўлмайди. Аммо, бундай жиноятларнинг олдини олиш, келажак авлод ва жамият хавфсизлигини таъминлаш учун жиноятчиларга қўлланадиган жазо турларини кучайтириш, бу борада шафқатли бўлишга йўл қўймаслик энг тўғри ва мақбул ечим аслида.