«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ва Германиянинг йирик логистика компанияси билан ҳамкорликда замонавий мультимодал транспорт логистика маркази ташкил этилади. Бу ҳақда «Ўзтемирйўлконтейнер» матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон президентининг 2023 йил центябр ойида Германияга ташрифи давомида «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ва Германиянинг Rhenus SE&Co. KG компаниялари ўртасида Андижон вилоятида ҳамкорликда замонавий мультимодал логистика марказини қуриш бўйича келишувга эришилган.
Ушбу келишувга кўра Андижон логистика маркази негизида «Ўзтемирйўлконтейнер» АЖ ва Rhenus SE&Co. KG компаниялари ўртасида UzContargo Андижан қўшма корхонасини ташкил этиш ишлари амалга оширилмоқда.
Замонавий логистика маркази очиқ ва ёпиқ божхона омборлари, контейнерларни ортиш-тушириш майдони, оғир юкларни қайта ишлаш ва мультимодал ташувларни амалга ошириш имкониятларини яратади.
2024—2026 йилларда лойиҳага 20 миллион евро инвестиция киритиш орқали келгусида логистика марказида йилига 250-300 минг тонна юкни қайта ишлаш имкони яратилади. UzContargo Андижан қўшма корхонасининг расмий очилиш маросими март ойининг охирига режалаштирилмоқда.