Арманистон Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотидаги (КХШТ) иштирокини тўхтатди. Бу ҳақда Арманистон Бош вазири Никол Пашинян “France 24” телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
«Коллектив хавфсизлик шартномаси, бизнингча, Арманистонга нисбатан, айниқса, 2021-2022 йилларда амал қилмади. Бу бизнинг эътиборимизсиз қолиши мумкин эмас. Биз бу келишувдаги иштирокимизни тўхтатдик. Кўрамиз, кейин нима бўлади», деган Пашинян.
Арманистондаги Россия ҳарбий базаси ёпилиши мумкинлиги ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Бош вазир “ҳозирда бу ҳақда гап кетмаётгани”ни айтди.
Шунингдек, Пашинян Россия расмийларининг позициясини танқид қилди. Унинг айтишича, Россия бир неча ой олдин очиқчасига Арманистон аҳолисини ҳукуматни ағдаришга чақирган. Бош вазирнинг фикрича, Москвадан унга қарши бундай ташвиқот заифлашмайди.
“Биз ўз ҳудудимиздаги ноқонуний ҳаракатларга тоқат қила олмаймиз”, дейди Арманистон Бош вазири.