Берсанг ейман, урсанг ўламан: Камбағалликни қисқартириш боқимандаликка йўл очиш эвазига бўлмаяптими?

Рақамлар ёлғон гапирмайди, гапира олмайди, аксинча ҳақиқатни ошкор қилиб қўяди. Янгилик эмас, сўнгги йилларда мамлакатимизда қийналган оилаларга ёрдам бериш ва камбағалликни қисқартириш бўйича қатор чора тадбирлар олиб борилаяпти. Жумладан куни кеча ҳам давлат раҳбари бошчилигида «Ижтимоий ҳимоя соҳасидаги хизматлар қамровини янада кенгайтириш» бўйича йиғилиш бўлиб ўтди. Албатта бўлиб ўтган йиғилишдаги таклиф ва қарорлар ижтимоий ҳимояга ва айниқса, пулга муҳтож аҳоли учун янада қуёшли кунлар нафасини бердикуя, лекин…

Хуллас гапни индаллоси бундай, Ўзбекистонда айнан камбағалликни қисқартириш бўйича бутун бошли вазирлик тузиб қўйилган. Аҳолини бандлик билан таъминлаш, ва ишсизлар сонини камайтириш учун қатор ташкилот ишлари йўлга қўйилди. Бюджетдан қашшоқлик қатламини йўқ қилиш мақсадида миллиардлаб пуллар ажратилди. Аммо афсуслар бўлсинки, қисқартириш ҳаракатлари бунинг мутлақо аксини кўрсатмоқда.

Ўсаётган камбағаллик

Қизиқ, недир сабабки давлат берадиган молиявий кўмакка кўз тикиб яшовчилар сони кундан кунга кўтарилиб кетмоқда. Шу кунгача давлат томонидан моддий ёрдам ва субсидия олиб келаётган аҳолининг аксарият қисмида ҳанузгача ижобий ўзгариш қайд этилгани йўқ.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг маълумотларига кўра, мамлакатда 2016 йилдан 2022 йилгача ижтимоий нафақаларга ажратилаётган маблағлар ҳажми 10 бараварга оширилган. Таққослаш учун, 2016 йилда 466 минг 500 оилага 1 триллион 112 миллиард сўм йўналтирилган. 2022 йилга келиб, Республикада ижтимоий нафақа олувчи оилалар сони 2,1 миллион нафардан ортган ва уларга қарийб 11,4 триллион сўм ажратилган.

2020 йилда аҳолининг заиф қатламларини ижтимоий ҳимоялашнинг янги – ижтимоий ёрдам ва хизматларни “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” орқали кўрсатиш тизими жорий этилди. Вазирлик ахборотига кўра, 2022 йилнинг ўзида мана шундай дафтарларга киритилган фуқароларни қўллаб-қувватлаш учун давлат бюджетидан 1,8 триллион сўм маблағ сарфланган.

Юқоридаги рақамлар нимадан далолат беради? Йилдан йилга камбағаллик қатлами тобора кенгайиб кетаётганиданми ёки биз кўпроқ камбағал қатламни кашф қилаётганимизданми?

«Менга иш эмас, пул керак»

Энди калаванинг нариги учига — аҳолини бандлик билан таъминлаш тизимига кўз ташлаб кўрайлик. Минг афсуслар бўлсинки, 90 фоиз аҳоли ёрдам учун иш ўрни эмас, моддий ёрдам пулини сўраб ташкилотларга мурожаат қилган.

Жумладан, 2023 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, Бандлик бўлимларга 1 444,1 минг нафар фуқаролар мурожаат қилган. Уларнинг 555,3 минг нафарига (38,5 фоиз) бандлик соҳасидаги хизматлар кўрсатилган бўлса, 954,5 минг нафарига (66,1 фоиз) маслаҳат бериш хизмати кўрсатилган.

Маслаҳат хизмати кўрсатилган фуқаролардан 888,8 минг нафари (93,1 фоиз) фақатгина болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлаш тўғрисида маслаҳат олган бўлиб, кейинчалик ушбу фуқаролар Бандлик бўлимларига бирор марта ҳам иш сўраб мурожаат қилмаган.

2023 йилнинг октябрь ойигача, яъни 9 ой муддат давомида республика бўйича маслаҳат хизмати кўрсатилган фуқароларнинг атига 65,6 минг нафари (6,9 фоиз) Бандлик бўлимларига иш қидирувчи шахс сифатида қайта мурожаат қилган ва бандлик хизматларидан фойдаланган.

Гувоҳи бўлганингиздек, бу рақамлар аксарият фуқаролар бандлик бўлимларига ишга жойлашиш ёки бошқа бандлик хизматлари бўйича кўмак олиш эмас, балки болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинланишида рўйхатдан ўтиш учун мурожаат қилишган.

Халқ айбдорми?

Бу ҳолатда аҳолини ялқовликда айблаш ҳам бироз ноўриндек. Сабаби, Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги платформасига жойлаштирилган бўш иш ўринларига бир назар ташласангиз, вакантларда таклиф қилинаётган ойлик маошнинг ҳолини кўриб йиғлаб юборасиз. Қарийб бир миллион сўмга ҳам етмайдиган ойлик бутун рўзғор тугул, бир кишининг бир ойлик харажатини ҳам қопламайди-ку! Табиийки, жуда камдан кам инсон ўз меҳнатини бундай паст маошга баҳолайди. АРГОС тизимида ҳам шу аҳвол. АРГОС га ариза топширган талабгор жавобни икки ойдан кам вақтда ичида оломайди. Айни шунинг учун ҳам, муқим иш ўрнига эга шахслардан кўра «кунбай»га ишлайдиганлар ва давлат берган ёрдам пулига кўз тикиб ўтирадиганларнинг сони тарози палласини босиб кетади.

P/S: Шу ўринда бир савол туғилади, биз камбағалликни қисқартиряпмизми ёки кенгайтиряпмизми? Камбағал одамнинг қўлига қайта-қайта балиқ тутиб беравермасдан, унга қармоқ тутқазиш вақти етмадими? Аслида инсоннинг меҳнати қадрли баҳоланган ерда, камбағаллик ҳам бўлмайди.