Матбуот котиби ёки журналист: манфаатлар тўқнашувида ким холис бўлади?

Бир вақтлар журналистларни қайсидир вазирлик ёки идора ахборот хизматига ишга таклиф қилишса, аксарияти рад этарди. Бу кўпроқ моддий имкониятлар уларни қониқтирмагани билан боғлиқ. Қолаверса, ахборот хизмати раҳбарининг ўрни ўша вақтларда деярли сезилмасди, десак биров бизни айбламаса керак.

Очиғи, ҳозир вазият анча ўзгарган. Президентнинг 2019 йил 27 июндаги қароридан кейин матбуот котибларининг мавқеи сезиларли даражада ошди (Тан олиш керак, бунда АОКАнинг ўша вақтдаги раҳбарининг ўрни катта). Ахборот сиёсати масалалари бўйича раҳбар маслаҳатчиси мақоми, яхши маош ва бошқа қўшимча имкониятлар яратилгани туфайли журналистлар орасида матбуот котиби бўлишга иштиёқ, талаб кучайди.

Шунга яраша ўзини оқлаётганлари бармоқ билан санарли даражада бор, бироқ, матбуот котибиман, маслаҳатчиман деб оёғи сал ердан узилиб қолганлари ҳам керагича топилади.

Майли, ҳозир асосий гап бунда эмас. Мен бошқа жиҳатга эътибор қаратмоқчиман. Бугун аксарият вазирлик ва идоранинг матбуот котиби айни бир вақтнинг ўзида журналист сифатида телевидениеда ёки қайсидир матбуотда ҳам ишлайди. Бу қанчалик тўғри?

Матбуот котибининг раҳбаригаку бу кўп жиҳатдан маъқул. Чунки табиийки шу орқали ТВда, матбуотда негативлар чиқишининг олди олинади. Ижобий материаллар кўпроқ уюштирилади. Матбуот котибининг блогерлар билан муносабатлари яхши бўлсаку берди Худо.

Лекин бунинг турган-битгани манфаатлар тўқнашувику. Холис ахборот тарқатиш вазифаси бўлган журналист тарафидан қаралганда ҳам тўғри эмас. Бундан ташқари, доимий равишда пресс-турларга жалб қилинадиган, сафар давомида ташкилотдан эсдалик совғалар олишга, иш баҳона бирров саёҳат қилиб келишга ўрганган журналист ва блогерлар тоифаси ҳам шаклланганки, уларнинг тутумини ҳам шундай сифатласа бўлади. Улар ўша ташкилот ҳақида танқидий муносабат беради деб ишонасизми? Шахсан мен ишонмайман. Холислик, танқидий қараш бўлмаса, ривожланиш бўлиши мушкул.

Француз актёри Пьер Ришар журналист бўлиб ўйнаган «Ўйинчоқ» фильмини кўпчилик кўрган. Бир саҳнасида бош муҳарририга қўнғироқ қилиб, мени сотиб олишяпти, бунга йўл қўйманг, деб жуда чуқур маъноли гап айтади. Шу миллат манфаатлари учун хизмат қилиш истагидаги журналистлар ҳам қатъиятли, касбига содиқ бўлиши керак. Матбуот котиблигини танлаганлари эса аниқ бир қарорга келиб, иккинчи қайиқдан оёғини узиши лозим. Лекин қаерда ишламасин, барчаси холислик, адолатни байроқ қилиб олиши шарт. Мен шундай ўйлайман.