Франция парламенти 4 март куни Версаль саройида бўлиб ўтган қўшма йиғилишда мамлакат Конституциясига аёлларнинг аборт қилиш ҳуқуқини мустаҳкамловчи тузатишни маъқуллади, деб хабар бермоқда BBC News.
780 нафар депутат ташаббусни ёқлаб овоз берди, 72 нафари қарши чиқди. Овоз бериш натижалари залда қарсаклар билан кутиб олинди. Шу тариқа Франция аборт қилиш ҳуқуқи асосий қомуси билан кафолатланган дунёдаги биринчи давлат бўлди.
Қабул қилинган ўзгартириш Конституцияга (1958 йилда қабул қилинган) киритилган йигирма бешинчи, шу билан бирга, 2008 йилдан бери биринчи ўзгартириш бўлди.
Францияда аборт 1975 йилдан бери қонуний ҳисобланади, аммо, сўровномаларга кўра, аҳолининг қарийб 85 фоизи Конституцияга ўзгартириш киритишни қўллаб-қувватлаган, деб таъкидлайди BBC.
Франция бош вазири Габриэль Атталь парламентдаги овоз беришдан олдин аборт қилиш ҳуқуқи «хавф остида» экани ва «қарор қабул қилувчиларнинг раҳм-шафқати остида» қолаётганини таъкидлади.
«Биз барча аёлларга мурожаат қиламиз: танангиз сизники ва ҳеч ким сиз учун қарор қила олмайди», — деди у.
Ўзгартиришлар маъқуллангани шарафига Эйфель минорасида «Менинг танам, менинг танловим» ёритилган ёзуви пайдо бўлди.
Ушбу ислоҳотни бошлаган Франция президенти Эммануэль Макрон X`да (Twitter) бундай қарор «универсал сигнал» берадиган «француз ғурури» эканини ёзди. Унинг қайд этишича, қонунга киритилган ўзгартиришларни тасдиқлаш маросими 8 март — Халқаро хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кунида бўлиб ўтади.