АҚШ геологлари икки миллиард одам учун хавф туғдираётган таҳдидни аниқлади. Geophysical Research Letters журналида чоп этилган тадқиқотга кўра, бу ер сатҳининг чўкиши билан боғлиқ жиддий муаммо ҳисобланади.
Қайд қилинишича, аҳоли зич жойлашган ҳудудларда чўкишга олиб келадиган омиллардан бири ер ости сувларини олишдир.
Олимлар ер ости сувларини тортиб олиш даражаси ва чўкиш даражаси ўртасида сезиларли ижобий боғлиқлик борлигини аниқлади. Яъни бу ҳудудлар ушбу геологик хавфни камайтириш учун сувдан самарали фойдаланишга муҳтож.
Тадқиқотчилар ернинг чўкиши билан боғлиқ бўлган ва масофадан туриб зондлаш натижасида тўпланган маълумотлардан фойдаланган.
Улар Ер юзасининг 6,3 миллион квадрат километрдан кўпроғи (дунёдаги умумий қуруқлик майдонининг тахминан 5 фоизи) йилига 5 миллиметрдан ортиқ чўкиб бораётганини аниқлаган. Бу зарар етказиш учун кифоя қиладиган кўрсаткич ҳисобланади.
Компютер орқали моделлаштириш жараёнида ер ости сувларини назоратсиз тортиб олиш ер чўкишининг асосий сабаби экани аниқланган. Ундан кейин зилзилалар билан боғлиқ сейсмик фаоллик, кейин эса ер ости сувларининг тўлдирилишига таъсир қилувчи атроф-муҳит шароитлари (яъни ёғингарчилик) туради.
Қайд қилинишича, Жанубий Осиё чўкиш хавфи остида бўлган энг катта ер майдонига эга – умумий майдонининг 2,2 фоизи йилига 50 миллиметрдан ортиқ чўкмоқда.
Чўкиш даражаси йилига энг кўп – 50 миллиметрдан ошадиган давлатлар қаторида Филиппин, Эрон, Коста-Рика, Индонезия ва Ўзбекистон санаб ўтилган.