Йилига 100 тонна олтин ва рекордни янгилаган нарх

Ўзбекистонда йилига 100 тонна олтин қазиб олиняпти. Бу ҳақида давлат раҳбари Наманган вилоятига ташрифи давомида маълум қилди.

«Уни заргар тадбиркорларга бўлиб тўлаш шарти билан сотишга рухсат берилган. Очиғи, бундай имкониятлар ҳеч қайси давлатда йўқ. Лекин, юртимизда олтиннинг атиги 6 фоизи қайта ишланаяпти. Олтин қазиб олинмайдиган мамлакатлар биздан кўп экспорт қилаяпти. Бу соҳада бироз кечикдик. Шунинг учун ишлаб чиқаришга қўшимча шароитлар яратаяпмиз. Бу ҳали бошланиши. Соҳани ҳали яна ривожлантирамиз”, — деди президент Шавкат Мирзиёев.

Аммо маълумот ўрнида айтиш лозимки, бугун олтиннинг нархи рекорд даражада қимматлаб кетган.

Дам олиш кунлари олтиннинг глобал нархи 1 троя унцияси учун 2210 долларгача ошиб, навбатдаги тарихий рекорд кўрсаткични қайд этган.

Бугун Марказий банк ҳам олтин қуймаларининг нархини белгилади. 1 грам олтин нархи илк бор 900 000 сўмдан ошди. 50 гр қуйманинг нархи 45,2 млн сўм бўлиб турибди.

Таҳлилчилар қисқа муддатда олтин нархининг 1 троя унцияси учун 2300 долларга қараб кетиши мантиқий эканини таъкидламоқда.