Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга қараганда, Тошкентдаги айрим газ тўлдириш шохобчаларида 1 апрелдан метан газ нархи ошиши ҳақида эълонлар пайдо бўлган. Эълонда 1 метр куб газ нархи 3800 сўм бўлиши маълум қилинган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 15 сентябрдаги 475-сонли қарорида табиий газни сотишда унинг энг баланд чакана нархи келгуси 6 ойда бир куб метр учун 3250 сўмдан ошиб кетмаслиги бўйича қатъий чоралар кўрилиши белгиланган эди. 1 апрелдан бошлаб ушбу муддат тугайди.
Энергетика вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, вазирлик ва унинг тасарруфидаги ташкилотлар тадбиркорларнинг нархни ошириш ёки оширмаслик ҳақидаги қарорига аралаша олмайди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизматига кўра, автомобилларга газ тўлдириш шохобчаларидаги нархлар давлат томонидан тартибга солинмайди ва нархни тадбиркорлар мустақил белгилайди.