Яқинда эълон қилинган, коррупсионерлар рўйхати тузилиши ва уларнинг давлат ишига киришини чеклаш тизими бизга жуда зарур ва кечиктириб бўлмас қарорлардан бири бўлиши керак. Негаки, рақамларга назар ташланса, муқаддам айни жиноят билан судланиб ҳам яна «ёғли» ишига қайтган ва порахўрликда давом этаётганлар умумий жиноятчиларнинг ярмидан кўпини ташкил қилмоқда.
Таҳлилларга кўра, 2023 йилда Республика бўйича 6 минг 535 нафар шахс коррупцияга оид жиноятлар учун жиноий жавобгарликка тортилган. 2022 йилга нисбатан жавобгарликка тортилганлар сони 12 фоизга камайган. Жавобгарликка тортилган шахсларнинг 16,4 фоизи озодликдан маҳрум этилган.
Энг кўп қайси жиноятлар содир этилган?
Энг кўп содир этилган коррупцияга оид жиноятлар ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш – 2 минг 67, пора бериш – 894, фирибгарлик – 769, пора олиш – 121 ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш – 125 тани ташкил этган.
Коррупцияга оид жиноят содир этган шахслар сони Андижон, Сирдарё, Сурхондарё вилоятларида ошган. Соҳалар кесимида ўтказилган таҳлилларга кўра, хўжалик юритиш ва тадбиркорлик, таълим, банк, соғлиқни сақлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳаларида энг кўп коррупциявий жиноятлар содир этилган.
Жиноий жавобгарликка тортилган шахсларнинг 12 нафари республика, 319 нафари вилоят, 5 минг 24 нафари туман — шаҳар миқёсидаги давлат ташкилотларида фаолият кўрсатган.
Ўрганган кўнгил…
Таҳлиллар кўрсатишича, муқаддам судланган шахсларнинг давлат хизматига қабул қилиниши улар томонидан қайта жиноят содир этилишига имконият яратиб бермоқда. Жумладан, 2023 йилда 1 минг 146 нафар муқаддам судланган шахслар томонидан коррупцияга оид жиноятлар содир этилган бўлиб, уларнинг 566 нафари муқаддам содир этган коррупциявий жиноятлари учун судланган.
Президент топшириқлари бажарилмаяпти
Фактлардан кўриниб турибдики, муқаддам коррупция билан судланган шахслар қайта яна пора олса бўладиган лавозимларга жойлашган. Берилган топшириқ, чиқарилган қарорлар эса фақат ҳужжатларда чанг босиб қолмоқда.
Масалан, 2021 йил қабул қилинган президент фармонига биноан, давлат хизматчиларининг касбий фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга оид ишлар бўйича суд мажлислари телеканаллар ва интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатилиши керак эди. Орадан уч йил вақт ўтди… Президент фармонидаги бу талаб бажарилмаяпти. Шундан кейин ўтказилган юзлаб давлат хизматчилари устидан судларнинг бирортаси интернет ва ТВда эфирга узатилмади.
Худди шу йили давлат раҳбари томонидан коррупсион жиноят содир этганлар рўйхатини юритиш бўйича талаб ва вазифа қўйилган. Ушбу талаб ҳам бажарилмаяпти. Масъуллар коррупсионерлар реестрини юрита бошлашни пайсалга солмоқда – фармонда белгиланган муддатлар аллақачон ўтиб кетган. 2021 йил июлида қабул қилинган очиқликка доир президент фармонида “Давлат сирларини сақлаш тўғрисида” қонун лойиҳаси 2021 йил августигача ишлаб чиқилиши лозимлиги айтилган.Тегишли қонун лойиҳасини Президент Администрациясига киритиш муддати 2021 йил 1 октябрь этиб белгиланган эди.
Хўш, коррупсионерлар рўйхатини тузиш, давлат хизматчиларига доир Президент топшириқларининг бажарилмаслигига нима тўсиқ бўляпти?