Бюджет дефицити: амалдорлар “еган” камомадни халқ тўлайдими?

Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг берган маълумотига кўра, 2023 йилда Ўзбекистоннинг консолидациялашган бюджети даромадлари – 321 трлн сўмни, харажатлари эса – 380 трлн сўмни ташкил этган. Консолидациялашган бюджет даромадлари ва харажатлари ўртасидаги фарқ 59 трлн сўм ёки ялпи ички маҳсулотнинг 5,5 фоизи миқдорида бўлган. Ўтган йилларга нисбатан солиштирганда бу галги дефицит рекорд даражада ошган.

2023 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонунда дефицит бўйича 3 фоизли лимит кўрсатилган, лекин давлат харажатлари даромадлардан кескин ортиб кетиши ортидан, бюджет қонунига ўзгартириш киритилиб, лимит 5,5 фоизга кўтарилган эди. Йиллик ташқи қарз лимити эса 4,5 млрд доллардан 5,5 млрд долларгача оширилганди.

Калтак кимнинг бошида синади?

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги таклиф сифатида киритилгани айтилаётган навбатдаги шатат қисқартириш амалиёти сўнгги 5-6 йил ичида давлат хизматчилари йўналишида кўлами жиҳатдан энг каттаси бўлиши кутилмоқда. Ушбу рекорд даражадаги штат қисқартиришлари яна таълим ва тиббиёт соҳасига бориб «ёпиштириляпти». Хўп, бюджет дефицити юқори, харажатлар киримдан кўра анчагина кўп. Аммо булар ниманинг етишмовчилиги, тўғрироғи қайси амалдорларнинг комфорт ҳаёти эвазига содир бўляпти?

Шаффоф таҳлил билан айтганда, амалдорларимизнинг давлат бюджетидан қоплаб бериладиган харажатлари миқдори йилдан-йилга кўпайиб, нафси ҳакалак отиб кетмаяптимикан? Вазирлардан тортиб ҳокимларгача хизмат сафарларидаги люкс меҳмонхона учун тўловлар, қимматбаҳо хизмат машиналари, зиёфатлар, мукофот пулларидан тортиб, бензинигача давлат бюджетидан «симираётган» пуллар эмасми ана ўша дефицитнинг асл сабаби?!

Узоққа бормайлик, яқиндагина Тошкент шаҳар ҳокими ҳокимлик биноси харажатлари, коммунал, интернет тўловлари учун 7 млрд 349 млн 756,4 минг сўм маблағ ажратди. Сметага кўра, хизмат автомобилларига ёнилғи қуйиш учун 690 млн сўм, уларга техник хизмат кўрсатиш учун 150 млн сўм, мажлис заллари учун гилам харид қилишга 100 млн сўм, махсус VIP учун мебеллар жамланмасига 150 млн сўм, лифтларга хизмат кўрсатишга 62 млн сўм ажратилиши кўзда тутилган эди. Биргина гиламнинг ўзига 100 миллион сўмлаб пул ажратилганидан кейин қандай қилиб давлат харажатлари «рамкаси»дан чиқиб кетмасин ахир? Бу ҳали ҳолваси, бундан ташқари қанчадан-қанча тадбир ва бошқа ишлар учун ҳокимликлар совурадиган пулларнинг адоғи кўринмайди!

Бу тўғри йўл эмас

Хўш, энди Иқтисодиёт ва молия вазирлиги вазир-у ҳокимларнинг харажатларини камайтириш ўрнига нима қиляпти? Яна ҳар галгидек шундоқ ҳам кунини зўрға кўраётган таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасига замбарак ўқини йўналтиряпти. Энг катта «сокрешения» айнан тиббиёт ва таълим соҳасига қаратиляпти. Вазирлик тез ёрдам бригадаларида врач штат бирлигини, фельдшерлик тез ёрдам бригадаларида фельдшер штат бирилиги кабиларни қисқартиришни таклиф қилди. Бу таклиф амалга ҳам ошди дейлик. Кейин нима бўлади?

Бусиз ҳам давлат поликлиникаларида кадрлар етишмаслиги сабаб турнақатор навбатларнинг кети узилмайди. Тез ёрдам бўлимлари ўз вазифасини вақтида амалга оширолмайди. Хусусий клиникаларга мурожаат қилишни эса оддий халқнинг чўнтаги кўтармайди! Таълим соҳасига келадиган бўлсак, республикамизда йилига минглаб педагог кадрлар етишиб чиқади. Шусиз ҳам уларнинг тенг ярими ишсиз, борларининг ҳам дарс соатлари тақчил.

Ўзбекистон аҳолисининг катта қисми давлат мактабларига суянади. Хусусий ёки ихтисослашган мактаб эшиклари ҳаммани ҳам ўз «бағрига» сиғдирмайди. Агар мактабларда ўқитувчилар штати камайиб кетадиган бўлса, бир педагог нормада белгиланган 20-23 кишига эмас, ундан икки баравар кўпроқ ўқувчиларга дарс ўтишга мажбур бўлади. Чумчуқнинг тумшуғидек олаётган маоши на педагогнинг кетказган асабини оқлайди ва на дарс сифатини.


P/S: Умуман олиб қараганда мана шу «каша»нинг «пиширилиши»га ҳам айнан кадрларнинг саводсизлиги сабаб бўлмаяптимикан? Президент айтган топшириқнинг меҳнат низоларига оид қисмини ортиқча қийинчиликларсиз йўлга қўйиш мумкинлиги ҳақидаги таклиф ва чақириқларимизга Олий суд ҳам, Бандлик вазирлиги ҳам эътибор қаратмаётгани бунинг яққол далили. Оқибат, ўзимиз билганча нималарнидир қилиб юрибмиз, «ақлли таклифлар» билан. Бу туришда меҳнат ҳуқуқи соҳасидаги саводсизлик ва билимсизликлар бу йил ҳам неча-неча инсонларнинг насибасини кесади.