Одамларни касал қилаётган “дори”лар: буни ким назорат қилади?

Чўкаётган инсон хасга ҳам ёпишганидек, жони оғриётганлар ҳам ҳар қандай “дори”лардан нажот кутаркан. Айниқса, одамлар биологик фаол қўшимчали маҳсулотлар рекламасида таниқли шахсларни кўриб, ушбу дори воситаларига ишонч билдиради ва бозорини чаққон қилади. Аксарият ҳолларда эса аҳолининг реклама таъсирига мойил қатламлари, яъни кексалар ва вояга етмаганлар БФҚ тижоратчиларининг мақсадли аудиторийси бўлиб қолмоқда.

Истеъмол ўсишига сабаб — реклама!

Буни тадқиқотлар ҳам исботлайди. Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари биологик фаол қўшимчали маҳсулотлар рекламасига таниқли шахсларни жалб қилиш билан боғлиқ муаммолар ва бу борада хориж тажрибасини ўрганди. 2022 йилда глобал биологик фаол қўшимчалар (БФҚ) бозори 167,9 млрд. АҚШ долларига баҳоланган. Олимлар томонидан ушбу кўрсаткич 2030 йилга бориб, йиллик 7,9 фоиз ўсиш суръати билан 301,4 млрд. АҚШ долларига етиши прогноз қилинмоқда.

Маълум қилинишича, БФҚ истеъмолининг ўсишига асосан интернет ва бошқа оммавий ахборот воситаларидаги рекламалар сабаб бўлиб, томошабинлар уларда иштирок этган таниқли шахсларни моддий жиҳатдан мафаатдор бўлмаган холис маслаҳатчи сифатида қабул қилади. Бу фақат Ўзбекистонҳа хос тенденсия эмас, албатта. Масалан, ҳиндистонлик тадқиқотчиларнинг мултивитаминли қўшимчалардан фойдаланиш борасида таниқли кишиларнинг тавсияси одамларга қандай таъсир кўрсатишини аниқлаш мақсадида ўтказган сўрови респондентларнинг 65 фоизи мазкур маҳсулот брендлари ҳақида гапирган машҳур кишиларга ишонишини кўрсатди.

Саломатликка 23 фоиз ноаниқ таъсир

Одамларнинг маркетинг қурбонига айланиб, маблағларини беҳуда сарфлашига ҳам кўз юмса бўлар. Аммо ушбу “мўжизавий” дорилар инсон саломатлигига аксарият ҳолларда ножўя таъсир кўрсатади. Симмон университети тадқиқотчилари 88 та нашрдаги 238 та маълумотни ўз ичига олган БФҚ рекламаларини ўрганиб чиққач, уларининг саломатликка ижобий таъсири ҳақида айтилган таъкидларнинг 15 фоизи аниқ, 23 фоизи ноаниқ, 3 фоизи нотўғри, 5 фоизи қисман аниқ ва 55 фоизи асоссиз эканлиги аниқлади.

Тез ёрдамга мурожаатларнинг 23000 таси БФҚ дан

АҚШда эса йилига тез тиббий ёрдам бўлимига қилинган мурожаатларнинг камида 23000 таси БФҚ дан фойдаланиш билан боғлиқ. Шикоятларнинг аксариятида юракнинг тез уриши, кўкракда оғриқнинг пайдо бўлиши ва ютиш билан боғлиқ муаммо юзага келгани таъкидланган.
Бунинг асосий сабаби БФҚ деганда кўпчилик халқ табобатини тушунишидадир. Албатта, улар “дори воситаси ҳисобланмайди, “табиий”, “Экологик тоза”, “100 фоиз кафолат”, “Жаҳон андозаларига тўлиқ мос”, “Акс таъсирлари йўқ” деган аслида дори воситаси ва БФҚ рекламасида ишлатиш мумкин бўлмаган жимжимадор ибораларга учиб, сотиб олишади.

Қонунлар қачон ишлайди?

Ишлатилиши мумкин бўлмаган, деган иборани бекор тилга олмадик, албатта. Негаки, “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 7-боб 34-моддасида таниқли шахсларнинг, тиббиёт ходимларининг ёки ташқи кўриниши шифокорларнинг ташқи кўринишига ўхшаш шахсларнинг иштирок этиши таъқиқланган.

Бундан ташқари, БФҚ даволаш хусусиятларига эга деган таассуротни уйғотмаслиги, уларни қўллаш натижасида одамлар даволанганлигига, уларнинг аҳволи яхшиланганлигига доир маълумотларни ўз ичига олмаслиги, уларнинг қўлланилганлиги муносабати билан жисмоний шахслар томонидан билдирилган миннатдорчилик изҳорини ўз ичига олмаслиги кераклиги кўрсатилган.

Аммо телевизорни ёқсак бу қонун ўзи ишлайдими, деган саволга рўбарў келамиз. Қолаверса, ижтимоий тармоқлардаги БФҚ рекламаларига фикр билдирган аксарият истеъмолчилар айнан шу рекламадан кейин ушбу маҳсулот сотиб олгани аммо ҳеч қандай фойдаси тегмагани ҳақида ёзишган.

Шу ўринда савол туғилади. Бундай ҳолатларда истеъмолчилар ҳуқуқлари билан ким шуғулланади? Уларни ҳимоя қилувчи ташкилотлар борми?

ОАВдаги бундай ноқонуний рекламаларни тартибга солиш учун Рақобатни ривожлантириш ва Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш қўмитаси шуғулланиши керак. Лекин амалда қўмитанинг ўз ишини “қойиллатиб қўйгани” дан ҳалигача телевидениеда “минг дардга даъво” бўлувчи рекламалардан “касал бўляпмиз”!