Навоий вилояти Қизилтепа тумани ҳокими ўринбосари Ўлмас Истамов ташкилот раҳбарларини Open Budget учун овоз йиғишга мажбурлагани учун жаримага тортилди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.
У овоз йиғолмаган раҳбарларни «ноинсофлар» дея атаб, «Кечгача 50 тадан овоз йиғмасанг, ҳаммангни йўқотаман» қабилидаги дағдағалар билан ҳақорат қилган.
Натижада Ўлмас Истамов ташкилот раҳбарларини Open Budget учун овоз йиғишга мажбурлагани учун жаримага тортилди.
Ҳолатни Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия ўрганиб чиққан. Ўрганиш натижасида туман ҳокимининг ёшлар ва ижтимоий ривожлантириш, маънавий ва маърифий ишлар бўйича ўринбосари Open Budget дастури доирасида ташкилот раҳбарларининг хизмат вазифаларига кирмайдиган ташаббусли бюджет лойиҳасига овоз йиғишга тарғиб қилгани ва мажбуран жалб қилгани аниқланган.
Ўрганиш натижаларидан келиб чиққан ҳолда унга нисбатан МЖтКнинг 51-моддаси (Меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш) 1-қисми (БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади) билан жарима жазоси тайинланган.
Ҳоким ўринбосари бу топшириқни ҳоким бергани, кечгача белгиланган овозни тўпламаган раҳбарлар ишдан олинишини таъкидлаган.