Бир неча кундирки давом этаётган сув тошқинлари Россия ва Қозоғистон аҳолисининг тинка мадорини қуритиб боряпти.
Сўнгги дақиқаларда
Маълумотларга кўра, Қозоғистоннинг Жамбил вилоятининг тоғли ҳудуди 2 фоиз, Туркистон вилояти 2 фоиз, Олмаота вилояти 14 фоиз, Жетису вилояти 18 фоиз, Абай вилояти 9 фоиз, Шарқий Қозоғистон вилояти 63 фоиз қор билан қопланган.
Метеорология станцияларида олиб борилган узоқ муддатли кузатувларга кўра, бир ойлик ёғингарчилик бир кунда тушиши мумкин, бу эса хавфли табиий гидрометеорологик ҳодисаларнинг юзага келишига олиб келади. Ҳароратнинг кўтарилиши ва кучли ёғингарчилик бўлса, Қозоғистоннинг жануби, жануби-шарқий ва шарқий қисмидаги тоғ дарёлари бўйлаб кучли сув тошқинлари содир бўлиши мумкин.
Мамлакат президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистон халқига мурожаатида ҳозирги вазият сўнгги 80 йилдан ортиқ вақт мобайнида кузатилган энг катта офатлигини айтган.
Россиянинг Томск шаҳрида тўғон қисман бузилди. Тобол дарёсининг сатҳи 6 метрдан ошди. Эрталаб сув оқимлари Коммунал кўприк яқинидаги тўғонни кесиб ўтди. Сенная Куря кўлига сув тошиб кета бошлади – натижада вилоят марказидаги йўлларни сув босди. Сўнгги 24 соат ичида Тобол дарёсининг сатҳи 140 см кўтарилиб, 6 метрга етди. Вилоятда 138 та уй ва 93 та томорқа ерлари сув остида қолган. 84 киши эвакуация қилинган.
Нега Қозоғистон?
Россиянинг энг кўп зарар кўрган ҳудудлари Урал тоғларининг жануби, Москвадан 1200 км шарқда жойлашган ерлардир. 5 апрел куни сув Урал тоғларидан кўтарилиб, Қозоғистон орқали Каспий денгизига оқиб ўтадиган Урал дарёсининг Орск шаҳридаги қирғоқ тўғонлари ёрилиб, Оренбург шаҳрининг бир қисмини сув босди. Энг кўп зарар кўрган ҳудудлар Россия билан чегарадош ва айниқса, Россиядан оқиб ўтадиган дарёси мавжуд ҳудуд, хусусан, Қозоғистон вилоятлари бўлди.
Кучли тошқиннинг сабаби нима?
Россиянинг баъзи ҳудудларда баҳор фасли келганда номигагина сув тошқинларинг юзага келиши табиий ҳол эди. Чунки қишда ёғган қорларнинг эриган сувлари дарё ва сув ҳавзаларини тўлдириб боради. Аммо бу сафарги тошқинлар анчагина даҳшатли тусда ўтмоқда. Россия ФВ расмийларининг айтишига кўра, ҳудудлардаги тупроқли ерлар қиш олдидан ботқоққа айланиб қолган. Қишнинг қаттиқ келиши ва тинимсиз ёғган қалин қор музлаб қолган. Глобал иқлимнинг ўзгариши сабаб баҳор келиб, кунларнинг рекорд даражада тез исиб кетиши ва кучли ёғган ёмғир натижасида музлаган қалин қорлар ҳам бирдан эриб кетган.
Иқлимшуносларнинг маълумотларига кўра, қиш олдидан тупроқнинг ўта намланиб кетиши, қалин қор ва музламаларнинг вужудга келиши фонида ҳавонинг кескин кўтарилиб кетиши катта сув тошқинларининг юзага келишига сабаб бўлади.
Россиянинг дунё иқлимдаги роли қандай?
Россия қуруқлик майдони бўйича дунёдаги энг катта давлат бўлиб, унинг майдони АҚШ ва Австралиянинг бирлашгандаги ҳудудига тенгдир. Россия ўрмонларининг ўзи АҚШ штатларига тенг келадиган майдонни эгаллайди ва айни шу сабаб ҳам бу мамлакат дунё иқлимида ҳал қилувчи рол ўйнайди.
2009 йилда АҚШ миллий разведка кенгаши томонидан 2030 йилгача иқлим ўзгаришининг Россияга таъсири бўйича тадқиқот ўтказилган. Олимлар ҳароратнинг ошиши Россия учун ўта мураккаб муаммоларни келтириб чиқаришидан огоҳлантирган. Прогнозларга кўра, тадқиқотчилар иқлим ўзгариши фонида Россияда кучли ёмғирлар ва дарё музларининг эрта парчаланиши туфайли мамлакат дарёларида тез-тез сув тошқинлари каби экстремал иқлим ҳодисалари кўпайишини айтишган эди.
Иқтисодий зарарлар:
— Россия дунёнинг энг йирик буғдой экспортчиси саналади. Сув тошқинлари эса айнан Россиянинг энг кўп буғдой етиштириладиган ҳудудларида содир бўлди.
— Нефт экспорти бўйича Россия жаҳонда иккинчи ўринда туради. Уралдаги Орск нефтни қайта ишлаш заводи эгаси эса 8 апрелдан бошлаб ёқилғи етказиб беришда форс-мажор ҳолатини эълон қилди ва заводни ёпди.
— Қозоғистонда 8000 дан ортиқ қишлоқ хўжалиги ҳайвонлари сув тошқини оқибатида нобуд бўлди. Жасадларни утилизация қилиш ва касаллик тарқалишни олдини олиш учун Қишлоқ хўжалиги томонидан махсус отряд сафарбар этилди. Мактаб ва ташкилотлар ёпилди.
— Қозоғистон ҳукумати тошқини ёки хавфи остида қолган йўлларни ёпиб қўйганлиги сабабли юк машиналари ҳаракати тўхтаб қолди.