Эндиликда хорижий сармоядорлар акциялардан олинаётган дивидендлар бўйича солиқлардан уч йил муддатга озод этилади. Бу ҳақда Халқаро конгресс марказида бўлиб ўтаётган учинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида Президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.
Ушбу форумда давлат раҳбари мамлакатда тадбиркорлик ва бизнесни қўллаб-қувватлаш мақсадида қатор аниқ чоралар ишлаб чиқилганини айтди.
Қайд этилишича, мамлакатда тадбиркорлар барқарорлиги рейтинги жорий этилган. Юқори рейтингга эга тадбиркорлик субъектлари учун солиқ текширувлари ўтказилмайди.
Шунингдек, Президент сармоядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш мақсадида қатор аниқ таклифларни билдирди.
Биринчидан, янги таҳрирдаги “Инвестициялар тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши таъкидланди. Ушбу ҳужжат Жаҳон савдо ташкилоти тартиб-қоидалари ва стандартларига мувофиқ ишлаб чиқилди.
Иккинчидан, тез орада мамлакатда Рақамли технологиялар халқаро маркази ҳузурида Халқаро тижорат суди иш бошлайди. Ушбу суд Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимида алоҳида ўринга эга бўлади.
Учинчидан, яқин вақтда саноат зоналари тизимида мутлақо янгича ёндашувлар жорий этилади. Саноат зоналарини бошқаришда хусусий операторлар, жумладан, юқори малакали хорижий компанияларни фаол жалб қилиш амалиёти кенгайтирилади. Махсус иқтисодий зоналар фаолият муддатлари бўйича чекловлар ҳам бекор қилинади.
Хорижий сармоядорлар учун ерларни ижарага бериш муддати 25 йилдан 49 йилгача, яъни, икки баробар узайтирилади. Бунда, қонунлар билан кафолатланган амалдаги имтиёз ва преференциялар тўлиқ сақлаб қолинади.