Қирғизистон ва Тожикистон жиддий конфликтга чек қўйиш учун ҳудудларини алмашиши мумкин

Чегара муаммосини ҳал қилиш учун Қирғизистон ва Тожикистон ҳудудларни алмашиш вариантини кўриб чиқиши мумкин. Бу ҳақда Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши котиби Марат Иманқулов “Кабар” агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.

“Тожикистон билан демаркатсия ишлари якунланмоқда. Албатта, жараён у қадар тез кечмаяпти. Афсуски, иккита конфликтда ҳам тинч аҳоли, ҳам ҳарбий хизматчилар орасида йўқотишларни бошдан кечирдик. Одамлар хавотирда, чегара ҳудудида қўрқув бор. Биз томондан ҳам, улар томондан ҳам”, — деди у.
Унинг сўзларига кўра, Боткен вилоятидаги чегара қийин участкалардан, аҳоли гавжум ҳудудлардан ўтади.

“Шунинг учун уни ажратишга тўғри келади. Бу муросага эришишнинг қийин йўлидир. Бусиз иложи йўқ. Ён беришимиз керак. Агар керак бўлса, ҳудудларни алмашиш вариантини кўриб чиқиш мумкин. Албатта, маҳаллий аҳоли билан дастлабки келишув бўлиши лозим, ҳозир иш шундай кетмоқда, — деди Иманқулов.

Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши котиби чегараларни аниқлаш билан боғлиқ барча жараёнлар тинч йўл билан давом этиши кераклигини айтди. (https://kabar.kg/news/bezopasnost-dolzhnaia-byt-nedelimoi-i-dlia-vsekh-interv-iu-s-maratom-imankulovym/)