198 нафар қатағон қурбонларининг номи оқланди

Ўзбекистон Олий суди қатағон йилларида судланган 198 нафар шахсни реабилитация қилди.

Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимов раислигида 6 май куни бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида қонунга хилоф тазйиқларга доир ишлар кўриб чиқилди.

Олий суд томонидан 11 та жиноят иши бўйича 198 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди. Ушбу шахслар 1930-1938 йиллар оралиғида турли жиноятлар, жумладан аксилинқилобий фаолият, терроризм ва қўзғолонларда иштирок этишда айбланган.

Реабилитация қилинганлар орасида Ўзбекистон ССР Олий судининг собиқ раиси,1930 йилда ўлимга ҳукм қилинган Саъдулла Қосимов, Бадриддин Шарипов, Мирсагат Мирзокиров, Рустам Хўжа Иброҳим Хўжаэв, Вячеслав Спиродонов, Насриддин Алимов, Қўш Қурбонов ва бошқалар бор.

Маълумотларга кўра, сўнгги йилларда Совет даврида қатағон қилинган 1031 нафар шахс реабилитация қилинган ва оқланган.